Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хорижлик иш берувчилар билан мулоқот
14:49 / 2025-12-03

Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университетида “Getwork” хусусий бандлик агентлиги вакиллари иштирокида хорижда қонуний меҳнат фаолиятини амалга ошириш имкониятларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида талабалар ва ёш мутахассислар учун чет элда ишлаш жараёнлари, талаб қилинадиган ҳужжатлар, меҳнат шартлари ҳамда хавфсизлик масалалари юзасидан батафсил маълумотлар берилди.  

Мутахассислар хорижий иш берувчилар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, расмий агентликлар орқали ишга жойлашишнинг афзалликлари ва ҳуқуқий кафолатлар ҳақида тушунтиришлар ўтказишди.

–Сўнгги йилларда юртимизда хавфсиз ва тартибли меҳнат миграциясини ташкил этиш самарадорлигини ошириш, миграция географиясини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган, – дейди “Getwork” хусусий бандлик агентлиги вакили Отабек Раҳимберганов. – Хоразм вилояти ҳам республикада ташқи меҳнат миграцияси салоҳияти юқори ҳудудлардан бири ҳисобланади.  Бугунги кунда агентликнинг ҳудудий филиали томонидан фуқароларга 10 дан ортиқ турдаги миграцияга оид хизматлар кўрсатилиб келинмоқда.  Бугунги тадбирда  Болгария давлатидан ташриф буюрган йирик ишлаб чиқариш корхоналари иш берувчилари бевосита иштирок этиб, ишга қабул қилиш бўйича суҳбат ўтказишди.  

Хорижда ишлаб юқори даромад олиш истагида бўлган фуқаролар билан мулоқотда мавсумий ва доимий иш билан банд бўлиш имкониятлари, касб ўрганиш, малака ошириш бўйича махсус курсларда ўқиш ва ишлаш ҳақида кенг маълумот берилди.  

Шу ернинг ўзида фуқаролар билан иш бўйича музокара ва суҳбат олиб борилди.

Тадбир давомида иш берувчилар вилоятидаги олий таълим муассасалари битирувчилари таълимнинг кейинги босқичини Европа давлатларида давом эттириш имкониятларини ҳам ўрганди.  

–  Болгария консалтинг фирмаси вакилиман. Биз хозирда фастфуд тармоқларида 30 та ресторан билан иш олиб бормоқдамиз,– дейди болгариялик иш берувчи Бойко Манев. – Айни пайтда биз келгуси йил ёзги мавсум учун одамларни ишга таклиф қилиш мақсадида миграция агентлиги билан ҳамкорликда суҳбат ва музокаралар ўтказиб, фуқаролар билан меҳнат шартномаси тузилмоқда. Биз маҳаллий ташкилотлар билан тўрт йилдан буён ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Иложи борича кўпроқ фуқароларни ишга жалб қилиш ниятидамиз. Ҳамкорлик муносабатларимиз йилдан- йилга мустаҳкамланиб бораётганидан бағоятда хурсандман. Ўйлайманки, икки мамлакат ўртасидаги бу ҳамкорлик янада ривожланади.  

[gallery-26530]

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг маълумотларига кўра, айни пайтда  Европа ва бошқа ривожланган давлатлар, хусусан, Буюк Британия, Германия, Литва, Руминия, Канада, Япония, Жанубий Корея каби давлатлар билан ҳамкорлик ўрнатилиб, фуқаролар ушбу давлатларга ташкиллаштирилган ҳолда меҳнат миграциясида бўлиб туришибди.  

Жорий йилда Хоразм вилояти бўйича 1600 нафар фуқаро чет элда хавфсиз ва қонуний иш билан таъминланган. Шундан 500 нафардан ортиғи Европа давлатлари улушига тўғри келмоқда.  

Аҳмаджон Шокиров,

Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари