Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида жорий йилнинг 24–26 ноябрь кунлари ўтказилаётган халқаро туризм ярмаркаси дунё бўйлаб етакчи туроператорлар, инвесторлар ва сайёҳлик ширкатларини бир майдонга тўплаётган нуфузли тадбир сифатида эътибор қазонмоқда.
Ана шу йирик соҳавий анжуманда Жиззах вилояти делегациясининг фаол иштирок этиши ҳудуд туризм салоҳиятини халқаро саҳнага олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.

Ярмарка доирасида олиб борилаётган учрашув ва музокаралар Жиззахнинг бой тарихий мероси, табиий гўзалиги ҳамда инвестициявий имкониятларини кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда. Делегация вакиллари хорижий ҳамкорлар билан янги туристик лойиҳаларни амалга ошириш, қўшма дастурларни йўлга қўйиш ва ҳудуд инфратузилмасини ривожлантириш бўйича конструктив мулоқотлар олиб бормоқда.

Жиззах вилоятининг Доҳада намоён этилаётган сайёҳлик имкониятлари халқаро бозордаги мавқеини мустаҳкамлаш, ҳудудни Марказий Осиёнинг жозибадор сайёҳлик йўналишларидан бири сифатида танитишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Ярмарка иштирокчилари билан ўтказилаётган тақдимот ва учрашувлар эса вилоят учун янги шериклик эшикларини очиши, замонавий туризм лойиҳаларига йўл очиб бериши шубҳасиз.
Жаҳон туризм индустриясининг бундай йирик майдонида иштирок этиш Жиззахнинг сайёҳлик брендини янада кучайтириш, ҳудуддаги имкониятларни кенг халқаро жамоатчиликка танитишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири