English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хорижий валюталарда кредитлар микромолия ташкилотларида ҳам берилади
13:49 / 2023-11-19

Авваллари чет эл валютаси у ёқда турсин, балки кредитни ҳам фақат банклар орқалигина олиш мумкин эди. Бу жараён эса жуда катта қоғозбозликни талаб қиларди. Бугунги кунга келиб, кредит олиш жараёнлари шу қадар соддалаштирилмоқдаки, хорижий валютада кредитни банкдан ташқари субъектлар ҳам таклиф этадиган тизим яратилмоқда.

Яъни, эндиликда  тадбиркорлик субъектлари хорижий валютада кредит олиш учун нафақат банкларга, балки микромолия ташкилотларига ҳам мурожаат этишлари мумкин. Жорий йилнинг 10 ноябрида қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда микромолия хизматларининг ўрни ва улушини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент қарорини микромолия ташкилотларининг ривожланишидаги янги инқилобий ёндашув десак, хато бўлмайди. Энг асосий ўзгаришлардан яна бири сифатида микромолия ташкилоти   лицензия асосида тўлов ташкилоти (Payme, Click каби)   фаолиятини ҳам юрита олишини қайд этиш лозим.   Қонунчиликда фақат тўлов ташкилоти микромолия ташкилоти сифатида рўйхатдан ўтиб, микромолиявий хизматлар кўрсата олар эди. Бу янгилик эса соҳада соғлом ва тенг кучли рақобатни кучайтириб, натижада аҳолига танлаш имкониятини беради.

Қарорнинг яна муҳим жиҳатларидан бири – бу микромолия ташкилотлари ривожланиши натижасида микромолия банкларига, микромолия банклари эса тижорат банкларига ва аксинча, трансформация жараёнлари яратилишидир.  

Бу эса ўз навбатида, юқорида қайд этилганидек, микромолиялаш бозори ҳажмининг янада ошишига, микромолиявий хизматлар билан тадбиркорларни кўпроқ қамраб олишга қўшимча имкониятлар яратилиши орқали бизнесни ривожлантириш, қўшимча иш ўринларини   яратиш натижасида аҳоли турмуш даражасини яхшилашга олиб келади.

Қолаверса, микромолия хизматлар бозорида банклар билан микромолия ташкилотлари ўртасидаги бўшлиқ   базавий банк хизматларини кўрсатувчи микромолия банклари билан тўлдирилмоқда.

Бугунги кунда тадбиркорлик фаолияти ривожланаётган вақтда бизнес ривожи учун сармоя олиш, хорижий валютада кредитлар олишнинг соддалаштирилиши муҳим аҳамият касб этади. Бизнес ривожлангани сари, янги технологиялар жалб қилинар экан, бугунги технология эртага эскириб қолади. Бизнесга янги ғояларни жалб этиш учун албатта, сармоя талаб этилади. Микромолия ташкилотларининг ривожланиши ва уларнинг трансформацияси молия бозорига яхши имкониятларни беради. Рақобатни кучайтиради, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилайди. Асосийси, одамларда молиявий манбаларга эга ресурсларга бўлган эҳтиёжни қондириш имконияти кенгаяди.  

                                                               Моҳигул Қосимова, ЎзА