Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хорижий ва маҳаллий сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш йўлида олиб борилаётган ишлар кўлами қандай?
11:14 / 2025-01-28

Туризм намойиши объектлари ва инфратузилмаси манзилларини жиноятдан холи ҳудудга айлантириш, хорижий ва маҳаллий сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Маълумки, юртимиздаги кўплаб туризм масканлари қаторида Хоразм вилояти ўзининг мўъжизакор ёдгорликлари билан ажралиб туради.

Шу боис Хива шаҳри ўтган 2024 йилда “Ислом дунёсининг туризм пойтахти”, деб эълон қилинган эди. Шу муносабати билан ушбу кўҳна заминда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг масъул раҳбарлари иштирокида кўплаб халқаро анжуманлар, фестиваллар ва учрашувлар бўлиб ўтди.

Шу каби нуфузли тадбирларни тинч ва осойишта ўтказиш мақсадида Хоразим вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ва манфаатдор ташкилотлар ҳамкорлигида режали фаолият олиб борилмоқда. Натижада вилоятга ташриф буюраётган туристларнинг саёҳати, дам олиши, маданий хордиқ чиқариши, энг муҳими, хавфсизлиги тўла таъминланмоқда.

Эслатиб ўтадиган бўлсак, ўтган йили вилоятимизга 1 миллиондан ортиқ маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ташриф буюришди. Шундан 20 мингдан ортиқ сайёҳ турли масалаларда ёрдам сўраб бошқарма ходимларига мурожаат қилган ва бу ижобий ҳал этилган. 

Жумладан, испаниялик Хулио ва италиялик Аминаларнинг сумкалари, франциялик Лилининг “Iphone 14”, америкаликлик Жоннинг “Iphone 16 pro max”, руминиялик Франсонинг “Samsung” русумли уяли алоқа телефонлари, германиялик Марта ва япониялик Фуюкининг банк пластик карталари ҳамда франциялик Жулиетта ва италиялик Валеринонинг фуқаролик паспортлари бошқарма ходимларига қилинган мурожаатлар асосида топиб берилган.  Сайёҳлар бундан миннатдор бўлган.

Вилоятдаги туризм намойиши объектлари ҳудудларида “Қовун сайли”, “Анор ҳосили” фестиваллари, “Лазги”, “Этноспорт” халқаро фестиваллари, “Халқаро туризм ярмаркаси”, “Паҳлавон Маҳмуд – Баҳодирлар ўйини” ва бошқа шу каби 40 дан ортиқ турли тадбирлар бўлиб ўтди.

Сайёҳлар бой маданий меросимиз билан яқиндан танишиши, дам олиши ва мазмунли хордиқ чиқариши учун барча шароит яратиш билан бирга, уларнинг хавфсизлиги таъминланди.

   Туризм намойиши объектлари ва унга туташ ҳудудларда сайёҳларга нисбатан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг барвақт олдини олиш мақсадида кўплаб профилактик тадбирлар ўтказилмоқда. Ушбу тадбирларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида 520 нафардан зиёд фуқаро расмий тарзда огоҳлантирилиб, ҳуқуқбузарлик содир этган
770 нафар шахсга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. 

Шунингдек, белгиланган ҳудудлардаги ўрганишлар натижасида маданий мерос объектларида сайёҳларга хавф туғдириши мумкин бўлган ҳолатлар аниқланиб, тегишли давлат органлари ва ташкилотларига 34 та таклиф ва 27 та тақдимнома  юборилди. Уларнинг 35 таси хавфсизликни таъминлаш, 15 таси қўшимча қулайликлар яратиш, 11 таси эса ёнғин ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилди.

Вилоят ҳудудида хавфсиз туризмни таъминлашда ахборот технологиялари ва коммуникациялари имкониятларидан самарали фойдаланишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Айниқса, кузатув камералари ҳудудни туну-кун назорат қилиш имконини бериши билан бир қаторда, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, содир этилган жиноятларни “иссиқ изи”да фош қилиш ҳамда қидирувдаги шахсларни ушлашда муҳим аҳамиятга эгадир.

Шу боис, бошқарма маъмурий биносидаги “Вазиятлар маркази”га вилоятдаги туризм намойиши объектлари ва инфратузилмаси ҳудуди ҳамда бошқа аҳоли гавжум жойлардаги 600 дан ортиқ видео кузатув камералари интеграция қилинди.

Жорий йилда ҳам бу борадаги ишларни янада яхшилаш мақсадида қўшимча равишда шахснинг юзини ва транспорт воситаларининг давлат рақам белгиларини аниқловчи яна 1000 дан ортиқ интеллектуал видео кузатув камераларини ўрнатиш ва “Вазиятлар маркази”га интеграция қилиш режалаштирилган.

Хуллас, вилоят ички ишлар бошқармасининг тегишли соҳавий хизматлари ҳамда мутасадди идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилган чора-тадбирлари натижасида ўтган 2024 йил давомида вилоятимизда сайёҳларга нисбатан жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликлар содир этилишига йўл қўйилмади.

Сабоҳат СУЛТОНОВА,

Хоразм вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни 

таъминлаш бошқармаси ходими.

ЎзА