Жорий йил мамлакатимиз спорти учун масъулиятли йил ҳисобланади. Юртимиз спортчилари Хитойда ўтадиган ХIХ ёзги Осиё ўйинлари ва яна бир қатор йирик комплекс мусобақаларда муносиб қатнашиши лозим.
Бунда сўзсиз терма жамоаларда меҳнат қилаётган халқаро тажрибага эга етук тренер ва мутахассисларнинг ўрни беқиёс.
Таъкидлаш керак, 2021 йили юртимизда олимпия спорт турлари бўйича 14 нафар хорижлик мутахассис фаолият олиб борган.
Спортни ривожлантириш вазирлигида ўтган йиғилишда улар билан 2022 йилда ҳам ҳамкорликни давом эттириш ёки бекор қилиш, шунингдек, жорий йилдан терма жамоаларимизга таклиф этилаётган мутахассислар билан янгича тамойиллар асосида ишлаш каби масалалар муҳокама қилинди.
Йиғилишни Спортни ривожлантириш вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов олиб борди. Унда Миллий олимпия қўмитаси, спорт мактаблари, федерация ва ассоциацияларнинг масъул ходимлари иштирок этишди.
Билдирилган таклиф ва фикр-мулоҳазалар асосида тегишли қарорлар қабул қилинди. Шунингдек, 2022 йил давомида 17 нафар хорижлик юқори малакага эга мутахассисларни терма жамаоларга жалб этиш, спорт турларини қуйи бўғиндан ривожлантириш ҳамда ёш, иқтидорли маҳаллий тренерларни тарбиялашга эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди, дея хабар бермоқда Спортни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.