Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хорижий тилни ўрганиш: амалиёт ва самара
18:55 / 2021-08-10

Бугун жаҳон бўйлаб юртимиз ҳақида сўз борганда беихтиёр “Янги Ўзбекистон” ибораси тилга олинмоқда. Бу сўнгги йилларда тараққиётнинг бутунлай янги босқичига қадам қўйилгани, эришаётган ютуқларимизнинг эътирофи демакдир.

Биз кечаги Ўзбекистонда эмас, бугунги Янги Ўзбекистонда, халқимизнинг буюк қудрати жўш урган замонда, илм-фан тараққиёти шиддат билан ривожланаётган даврда яшаяпмиз.

Барчага маълумки, Ўзбекистоннинг очиқлик сиёсати, дунё бозорига фаол кириб бораётгани барча соҳаларда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Бирор бир соҳа, бирор бир жабҳа, бирор бир йўналиш йўқки, четда қолган бўлса, барча фаолият турлари ўрганилиб, унинг ривожи учун муҳим вазифалар белгиланаётир. Жумладан, таълим тизимига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, соҳани янада ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг 2021 йил 19 майдаги “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам кўпгина устувор вазифаларни белгилаб берди. Бухоро давлат университетида ҳам таълим тизимини такомиллаштириш ва мазкур қарор ижроси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Биргина жорий йилни ўтган йил билан таққосласак университетда талабалар қабул квоталари 1,5 баробарга ошди. Бакалавриат ҳамда магистратура негизида 20 дан ортиқ янги таълим йўналишлари, шунингдек, янги кафедралар очилди. Президентимизнинг 5 та муҳим ташаббуси доирасида турли танлов ва тадбирлар ўтказилди. Талабаларнинг халқаро ва фан олимпиядаларидан олган ўринлари ошди. 50 дан ортиқ Республика ва Халқаро анжуманлар ўтказилди. 100 дан ортиқ маҳаллий ва халқаро вебинар, семинар-тренинг, конгрес, симпозиум ҳамда форумлар ташкил этилди.

Шунингдек, хорижий тиллар факультети Ҳиндистоннинг Тошкентдаги элчихонаси, Лал Баҳадур Шастри номидаги Ҳиндистон маданият маркази билан самарали фаолият олиб борди. Франция ва Германиянинг Ўзбекистондаги элчихоналари ҳамкорлигида француз ва немис тилларига мўлжалланган кутубхона ташкил этилди. Бир гуруҳ халқаро сертификатга эга профессор-ўқитувчилар, Aмерика элчихонаси кўмагида хорижий ОТМлардан ташриф буюрган волонтёр ўқитувчилар, Бухоро вилояти мактаб ўқитувчилари учун хорижий тилларни янада мукаммал ўқитадиган ишчи гуруҳ билан биргаликда йил давомида 500 дан ортиқ ўқитувчиларга онлайн ва офлайн ўқув-методик курслар ташкил этилди. Уларга университет ректори томонидан сертификатлар тақдим этилди. 10дан ортиқ юқори малакали хорижлик мутахассислар томонидан амалий ва илмий машғулотлар ўтилди.

Вилоят ва шаҳар ҳалқ таълими бошқармаси бошлиғи, мактаб ва университет билан уч томонолама ҳамкорлик доирасида чет тили ўқитувчилари учун ҳафталик тил курслари, тўгараклар ташкил қилинди. Тажрибали хорижий ўқитувчилар иштирокида ҳафталик онлайн вебинарлар, абитуриентлар учун эса олий таълим муассасаларига киришга тайёрлайдиган тил курслари ҳамда тўгараклар фаолият олиб борди. Қолаверса, факультетнинг профессор-ўқитувчилари томонидан импакт фактори юқори бўлган илмий журналларда юзлаб мақолалар чоп этилди. Ўқув қўлланма, дарслик, монография ва луғатлар нашр этилди.

Энг қувонарлиси, университет ҳузуридаги ДСc.03/04.06.2021.Фил.72.03 рақамли филология фанлари бўйича фалсафа доктори (ПҳД) ҳамда филология фанлари доктори (ДСc) илмий даражалари берувчи Илмий кенгаш ҳимоясида 18 та ҳимоя ўтказилди. Уларнинг 14 таси факультетимизнинг илмий салоҳиятини оширишга хизмат қилганлигини эътироф этиш жоиз.

Таълим соҳасининг ривожланиши, мамлакатимизда хорижий тилларни мукаммал ўрганиш ва ўргатишни кўзда тутган ҳолда факультет хорижий таълим муассасалари – Aмерика элчихонаси, Aмерика кенгаши, Британия кенгаши, Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Белгиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Aмериканинг Кембридж, Оксфорд, Вебстер, Орегон, Техас ОТМлари, Aнглиянинг Лондон метрополитен, Вестминстер университетлари, Германиянинг Гётева Мюнстер университетлари, Франсиянинг Франсуа Рабле номидаги Тур, Сорбонна-4, Сорбонна-9, Гренобл Aлп университетлари, Турен институти, Француз алянси, Гёте институти, Ҳиндистоннинг Деҳли университети, Туркиянинг Истанбул университети, Канада, Швестия, Белгия, Бразилия, Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон каби хорижий ОТМлар билан меморандум ҳамда қўшма дастурлар, Эрасмус, Accесс, Cампус, ДAAДларнинг грант-лойиҳаларида иштирок этиб, академик алмашинув хизмати дастурлари асосида малака ошириш ва талаба алмашиш дастурларини йўлга қўйишни янада кенгайтиришни ўз олдига мақсад қилмоқда.

Факултет профессор-ўқитувчиларининг тил билиш даражасини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, улар халқаро стандартдаги миллий сертификатларни олиш учун ўтказиладиган имтиҳонларга жалб қилинаётир. Ўқитиш сифати халқаро андозаларга мос такомиллаштирилган дарслик, ўқув қўлланма ва методик қўлланмалар, мутахассислик терминларига оид изоҳли луғатларни ҳам мутахассислик ва номутахассислик таълим йўналишлари талабаларига мўлжалланган ҳолда яратишни, факультет кесимида Хорижий ҳамкор ОТМлар билан янги ўқув адабиётларини тайёрлаш ва мавжуд ресурслардан фойдаланиш борасида ҳамкорликни кучайтиришни, “Боғча–мактаб–олийгоҳ–корхона” узлуксиз занжири орқали, аҳолининг барча қатламига мос бўлган тил ўрганиш методикаси, услубий кўрсатма, тавсия ва дарсликларини ишлаб чиқишни режалаштирганмиз. Шунингдек, факультетда давлат-хусусий шерикчилик асосида ўқитувчи ва талабаларга хорижий тилларни пухта ўргатадиган тил марказларини ташкил этиш бўйича амалий ишлар қилинмоқда.

Кутилаётган натижаларимиз ҳам аниқ. Чет тилларини ўқитиш; хорижий тилларни ўқитиш орқали тармоқлар мутахассисларининг чет тилини билиш кўникмаларини ошириш, университетнинг маҳаллий мақомга эга чет тилларни билиш даражасини баҳолаш сертификатини жорий қилишдан иборат.

Хулоса қилиб айтганда мамлакатимизда хорижий тилларни ўргатиш бўйича келажак учун мустаҳкам пойдевор бўладиган янги тизимни йўлга қўйиш вақти-соати келганлигини англаган ҳолда, тизимдаги муаммоларни таҳлил қилиб, устувор вазифаларни белгилаш, чет тилларини ўқитиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари, бу борадаги йўл харита ва концепциялари, қолаверса, халқаро тажрибаларга таянган ҳолда чет тили ўқитувчилари учун малака талаблари ва баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш зарур бўлади. Чунки хорижий тилларни мукаммал ўрганиш учинчи Ренессанс пойдеворининг мустаҳкам бўлишида муҳим аҳамият касб этади.

Малоҳат Жўраева,

БухДУпрофессори,

Хорижий тиллар факультети декани

ЎзА