Мамлакатимизнинг билимга чанқоқ, иқтидорли, ишбилармон ёшлари келажагимизнинг мустаҳкам пойдевори саналади. Шундай экан, улар ҳар жиҳатдан мукаммал бўлиши, замонавий илм-фан ютуқларини эгаллаши, мустақил фикрлай олиши, хорижий тилларни пухта билиши муҳим аҳамиятга эга.
Бугун бир нечта хорижий тилларни эгаллаб, турли соҳалардаги халқаро тажрибаларни ўрганаётган, амалиётга татбиқ этаётган, қатор ютуқларга эришаётган ёшлар сафи анчагина. Уларнинг энг катта ютуғи ҳам хорижий тилларни пухта билиши билан баҳоланади. Бугунги кунда қатор психологик тадқиқотлар ҳам икки ва ундан ортиқ тилда сўзлашиш афзалликларини намоён этмоқда. Тадқиқотлар натижаларига кўра, икки тилни биладиган одамнинг мияси бир тилда сўзлашадиган одамникидан бошқача ишлар экан. Шундай экан, ривожланиш сари юз тутаётган мамлакатимиз ёшлари учун хориж тилларини билиш долзарб аҳамият касб этади.
Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида чет тилларни ўрганиш сифатини ошириш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам юртимиз ёшларининг хорижий тилларни мукаммал ўрганишлари учун шарт-шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди, илғор ташаббуслар илгари сурилиб, устувор вазифалар белгилаб берилди.
Жумладан, йиғилишда ҳар бир вазирлик, идора, давлат компаниялари ва йирик хусусий корхоналарда чет тилларини ўрганишни оммалаштириш зарурлиги қайд этилди. Бунинг учун ҳафтанинг бир куни хорижий тилларни ўзлаштириш ва ўрганиш куни этиб белгиланиши маълум қилинди. Вазирлик ва идоралар, ҳокимликларга олийгоҳ ва хусусий таълим ташкилотлари мутахассисларини шартнома асосида жалб қилиб, ходимларга чет тилини ўргатиш ва хорижий тилларда ишлашни йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилди. Келгуси йилдан бошлаб давлат идораларига ишга қабул қилиш ва янги лавозимга тайинлашда хорижий тилни билишнинг мажбурий талаби киритилиши белгиланди. Чет тилини чуқур эгаллаган ходимларнинг иш ҳақига 20 фоизгача қўшимча устама белгилаш тартиби жорий этиладиган бўлди.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари чет тилини ўргатишнинг асосий бўғини – мактабларда ҳар бир туман ва шаҳар кесимида ўқитиш ҳолатини чуқур таҳлил қилиб, аниқ ечимлар топиш зарурлигини таъкидлади. Жаҳон тиллари ва Шарқшунослик университетлари, Самарқанд чет тиллари институти билан бир қаторда, ҳар бир вилоятда биттадан университет чет тиллари бўйича таянч олийгоҳ сифатида белгиланадиган бўлди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлигини ташкил этиш таклифи илгари сурилди. Таъкидлаш жоизки, мазкур агентлик, энг аввало, дунёда самарали натижа берган ўқитиш методикалари, дастур ва дарсликларини боғча, мактаб, лицей, олийгоҳ ва ўқув марказларида жорий этиб, хорижий тилларни мукаммал ўзлаштиришга кўмаклашиши билан соҳада муҳим аҳамият касб этади.
Хорижий тилларни ўқитиш ва ўрганиш борасидаги ҳар бир мақсад-вазифа, илгари сурилган ташаббуслар келгусида ҳар томонлама етук кадрлар етишиб чиқишига хизмат қилади, ёшларнинг билим олиш имкониятларини янада кенгайтиради. Мамлакатимиз тараққиётига замин яратади. Шунингдек, биз соҳа вакиллари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.
Тошкент давлат юридик университетида ҳам хорижий тилларни ўқитиш бўйича бир қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Бугунга қадар университетимизда Нагоя университети (Япония) билан ҳамкорликда Япон ҳуқуқини ўрганиш маркази ташкил этилди. Ушбу марказ ўз фаолияти билан япон тили ва ҳуқуқи ҳақидаги билимларга эга малакали юридик кадрларни тайёрлаш, академик алмашинув ва қўшма илмий ҳуқуқий тадқиқотларни ўтказишга кўмаклашиб келмоқда. Шунингдек, Регенсбург университети (Германия Федератив Республикаси) билан 2020 йилда немис тили ва ҳуқуқини биладиган юқори малакали юридик кадрларни тайёрлашга қаратилган Немис ҳуқуқи ва қиёсий-ҳуқуқий тадқиқотлар маркази фаолияти йўлга қўйилди. Хитой Халқ Республикаси олий таълим муассасалари билан хитой ҳуқуқини ўрганиш маркази ташкил этилди.
2020-2025 йилларда етакчи япон, немис ва бошқа чет эллик олимларнинг юридик фанлар бўйича ўқув адабиётлари туркумини ўзбек тилига таржима қилиш ва чоп этишни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар ури асосида бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Бугунги тараққиёт палласи асосий мутахассислиги билан бирга хориж тилларини ҳам мукаммал биладиган юридик кадрлар етишиб чиқишини тақозо қилади. Шундай экан, юридик таълим соҳасида хориж тилларини мукаммал ўқитиш, ёшларга бу имкониятни янада кенгайтириш долзарб аҳамиятга эга. Бу эса, ўз навбатида, ТДЮУдаги хорижий тил мутахассислари зиммасига катта масъулият юклайди. Бу борада хорижий тиллар кафедрамиз университетнинг факультет ва кафедралари билан ўзаро ҳамкорликда амалий ишларни йўлга қўйишга эътибор қаратяпти, университет талабаларини хорижий тилларни ўрганишга кенг жалб қилиш, қизиқишларини ошириш борасида янги, замонавий, инновацион методларни қўллашга ҳаракат қилмоқда. Келгусида бу йўналишдаги ишларимиз давлат раҳбари илгари сурган қатор ташаббуслар асосида янада кенгайтирилади.
Ойбек ТОШМАТОВ,
ТДЮУ хорижий тиллар кафедраси мудири