Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хорижий тилларни ўрганишда инновацион ёндашувлар: халқаро тажриба ва AI имкониятлари
13:23 / 2025-11-18

Глобаллашув жараёнлари тез суръатлар билан кечаётган ҳозирги замонда хорижий тилларни ўрганиш, айниқса, таржимонлик йўналишида таҳсил олаётган ёшлар учун халқаро илмий анжуманларда иштирок этиш улкан амалий аҳамиятга эга. Бундай тадбирлар талабалар ва мутахассисларга дунёнинг турли мамлакатлари тажрибаси билан танишиш, турфа маданият ва таълим тизимлари билан ўзаро мулоқот қилиш, энг муҳими, замонавий илм-фан ва технологиялар билан яқиндан боғланиш имконини яратади. Айниқса, таълим ва таржимонлик соҳасида сунъий интеллектдан фойдаланиш кенгайиб бораётган бир вақтда халқаро платформаларда иштирок этиш бўлажак мутахассислар учун муҳим салоҳият ва кўникмаларни шакллантиради.

2025 йилнинг 13-27 ноябрь кунлари Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети делегацияси Ҳиндистоннинг Жайпур шаҳрида "Banastali Hindu University"да бўлиб ўтаётган “17th International Conference on Intelligent Human-Computer Interaction (IHCI–2025)” халқаро конференциясида фаол иштирок этмоқда.

Анжуман доирасида университет вакиллари дунё миқёсида инсон-компьютер ўзаро таъсири, таълим жараёнида сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш, интеллектуал технологияларни инсон фаолиятининг турли соҳаларига татбиқ этиш каби йўналишларда етук мутахассислар билан мулоқот қилмоқда. Бу эса ЎзДЖТУ профессор-ўқитувчилари ва талабалари учун замонавий илмий ишланмаларни ўрганиш, инновацион ташаббусларни маҳаллий таълим тизимига татбиқ этиш нуқтаи назаридан катта тажриба мактаби бўлиб хизмат қилаётир.

Мазкур конференцияда ЎзДЖТУнинг профессор-ўқитувчилари ҳамда Таржимонлик факультети талабаларидан иборат делегация иштирок этмоқда. Иқтидорли талаба-ёшлар илмий анжуман дастурида белгиланган маъруза ва амалий сессияларда фаол қатнашмоқда.

–  Бундай мулоқот жараёни талабалар учун ҳам, ўқитувчилар учун ҳам келгуси илмий ва амалий фаолиятларида муҳим илҳом ва тажриба манбаи бўлиб хизмат қилади, – дейди Рақамли таълим технологиялари маркази директори С.Туйчиёв. – Хорижий тилни ўқитишда сунъий интеллектдан фойдаланиш, AI технологияларини таржимонлик амалиётига интеграция қилиш, рақамли таълим платформаларини замонавий стандартларга мувофиқ такомиллаштириш каби мавзуларда дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатларидан ташриф буюрган мутахассислар билан фикр алмашилмоқда.

Хусусан, таржимонликка ихтисослашаётган талабалар учун бу каби халқаро конференциялар тил, технология ва маданиятнинг ўзаро боғлиқ аспектларини чуқур англаш, сунъий интеллект воситаларини келгуси касбий фаолиятда қўллаш, халқаро ҳамкорлик муҳитини ҳис қилиш каби муҳим компетенцияларини ривожлантиради. Замонавий рақамли дунёда бу кўникмалар мутахассиснинг рақобатбардошлигини оширади, уларни глобал меҳнат бозорига тайёрлайди.

Анжуман давомида олинган билим ва тажрибалар нафақат университетнинг илмий салоҳиятини мустаҳкамлайди, балки мамлакатимизда рақамли таълим ва тил ўқитиш соҳасидаги ислоҳотларга ҳам ҳисса қўшади. Ушбу жараён ЎзДЖТУнинг халқаро майдондаги нуфузини оширишга, ёш мутахассисларни замонавий технологиялардан хабардор этишга ва амалиётга йўналтирилган ҳолда тайёрлашга хизмат қилади.

М.Қосимова, ЎзА