Мамлакатимизда хорижий тилларни ўргатишни янги босқичга олиб чиқиш ва соҳани ривожлантириш учун тизимли ишларни ташкил этиш йўлида самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлигининг ташкил этилиши ҳам бу соҳанинг ривожланаётганидан дарак беради. Агентлик томонидан хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш йўлида янги лойиҳалар, самарали дастурлар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда.
Шундай лойиҳалардан бири пойтахтимизда фаолият юритаётган “Smart assessment” баҳолаш марказида “International partnership in foreign language learning” номи остида ташкил этилди. Тадбирда “Cambridge Assessment International Education” вакили Стив Кинг иштирокида семинар-тақдимот, мотивацион нутқ, шунингдек, Тошкент шаҳрининг 12 та туманларидан ташриф буюрган инглиз тили ўқитувчилари учун ТКТ МОСК тести бўлиб ўтди.
Бунда умумтаълим мактабларидан келган ўқитувчилар дарс ўтишниниг янгича, бугунги кун талабларига жавоб берадиган педагогик маҳоратлардан баҳраманд бўлдилар. Шунингдек, ўқитувчилар фан юзасидан ўз билимларини мустаҳкамлаб, янгиликлардан бохабар бўлдилар.
Тадбир давомида матбуот анжумани ҳам ташкил этилиб, Марказий Осиё ва Европа бўйича масъул Стив Кинг юртимизда бу соҳада амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтди.
– Биз жуда кўп давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатганмиз. Бугунги кунда Ўзбекистонда хорижий тилларни ўрганишга бўлган эътибор, бу соҳага ташланган дадил қадам жуда қувонарли ҳол. Ҳозирда хорижий тилларни ўрганиш истагидаги фуқаролар дуч келаётган муаммолар ҳал қилиниб, уларни самарали таълим олишларига кўмак берилмоқда. Бу, албатта, катта натижа. Биз бу жараёнларда иштирок этаётганимиздан ва ҳамкорлик қилаётганимиздан жуда мамнунмиз. Хорижий тилларни ўрганишда керак бўладиган дарсликлар, ўқув қўлланмалари, тестларни етказиб беришга кўмаклашишга тайёрмиз. Бу йўлда сизларга ёрдам бериш бизнинг асомий мақсадимиз, – деди Стив Кинг.
Марказий Осиё ва Европа бўйича масъул Стив Кинг ҳукуматлар ва халқаро ташкилотлар билан баҳолаш, ўқув режаси, мактабни ривожлантириш, нашриёт ва ўқитувчилар малакасини ошириш соҳаларида дастурларни яратиш ва ишлаб чиқиш учун фаолият юритади.
Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ва бошқа давлат тузилмалари билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда. У маҳаллий шароитга мослаштирилган инновацион ечимларни ишлаб чиққан лойиҳа менежерлари гуруҳини бошқариб келган. “Cambridge Assessment” таълимни ривожлантириш дастурларини муваффақиятли амалга ошириш учун зарур бўлган барча ёрдам хизматларини тақдим этади.
Файзулло Яҳёев, ЎзА