Юртимизда хорижий тилларни чуқур ўргатишни таълим сиёсатининг устувор йўналиши сифатида ривожлантириш, ўқитувчи ва ёшларни хорижий тилларни ўрганишга бўлган қизиқишини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўтган 2021 йил 6 май куни Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида таълим муассасаларида чет тилларни ўқитиш сифатини янада ривожлантириш йўлидаги жуда долзарб ва муҳим масалалар муҳокама қилиниб, хорижий тилларни ўқитувчи педагогларнинг аксарияти малака сертификатларига эга эмаслиги кўрсатиб ўтилган эди.
Давлатимиз раҳбари соҳадаги мавжуд ютуқ ва камчиликлар хусусида тўхталиб, хорижий тилларни ўргатиш бўйича янги тизимнинг мустаҳкам пойдеворини яратиш зарурлигини таъкидлаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлигини ташкил этиш топшириғини берган эди.
Натижада Президентнинг 2021 йил 19 майдаги “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ташкил этилди.
Айни пайтда агентликнинг Навоий вилоят ҳудудий вакиллиги фаолият кўрсатиб, ўтган давр мобайнида бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, Агентлик ва Навоий вилояти ҳокимлиги келишувида “Йўл харитаси” тузилган бўлиб, унга мувофиқ 14 та ҳамкорлик меморандуми имзоланди, 16 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 2 мингдан ортиқ хорижий тилларни ўрганувчилар қамраб олинди.
– Вилоят миқёсида 63 нафар мобиль тренерлар тайёрланди, – дейди Навоий вилояти ҳудудий вакиллиги бошлиғи Вазира Азимова. – Ушбу тренерлар ҳудуддаги тоифа аттестациясида паст кўрсаткич кўрсатган хорижий тил ўқитувчилари билан интенсив курсларда тренинглар ташкил этди. Тренинглар якунида халқаро тан олинган тил билиш даражаси сертификатлари учун бир неча марта бепул Mock Exam лар ташкил этилиб, натижада сертификатланганлик даражаси вилоят миқёсида ошди. Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги томонидан халқ таълими тизимида фаолият юритаётган, халқаро ва унга мос даражадаги миллий сертификатларга эга республикадаги инглиз тили ўқитувчиларининг 2021 йил июнь-декабрь ойлари ҳолати бўйича рейтинг шакллантирилди. Ушбу рейтингга мувофиқ бугунги кунда Навоий вилояти биринчи ўринда бўлиб, халқаро сертификатларга эгалик даражаси 30 фоиз, халқаро даражага тенглаштирилган миллий сертификатга эгалик даражаси бўйича 68 фоизни ташкил этмоқда.
Агентликнинг Навоий вилояти ҳудудий вакиллиги ташаббуси билан ўзаро ҳамкорлик меморандумига асосан Навоий давлат педагогика институти профессор ўқитувчилари ҳамкорлигида Intensive Professional Development Center ташкил этилди. Унда халқаро ТКТ (Teaching Knowledge Test) тестларига тайёрлов тренинглари ўтказилмоқда. Шунингдек, халқ таълими тизимидаги барча ҳудудларда фаолият юритиб бораётган мобиль гуруҳлар тренерлари учун Британия Консуллиги томонидан ишлаб чиқилган Road to IELTS дастуридан фойдаланиш учун ҳамкорлик дастури доирасида 1,5 миллион сўмлик ваучерлар бепул тақдим этилди. Шу билан бирга Кэмбридж Ассесмент томонидан ташкиллаштирилган юз нафар хорижий тил фан ўқитувчилари учун Притестинг тест синовлари бўлиб ўтди.
– Агентликнинг Навоий ҳудудий вакиллиги ва Корея Республикаси элчихонаси қошидаги Корея Республика таълим маркази ўртасида бўлиб ўтган мулоқот давомида ҳамкорликда амалга ошириладиган тадбирлар тўғрисида режалар тузиб олинди, – дейди Вазира Азимова. – Корейс тилини ривожлантириш бўйича таклиф ва маслаҳатлардан сўнг Навоий ҳудудий вакиллик кутубхонаси ва кўриш имконияти чекланган болажонлар учун корейс тили ва маданияти ифодаланган, суръатларга бой китоблар, дарсликлар, луғатлар, машқ дафтарлари, турли тарихий адабиётлар совға тариқасида тақдим этилди. Шунингдек, мактабгача таълим муассасаларига “Китоб хайрия” лойиҳаси асосида 14 та мактабгача таълим муассасаларига Корея элчихонаси томонидан ҳадя қилинган эртак китоблари топширилди.
Агентликнинг Навоий вилояти ҳудудий вакиллиги “Finland-Uzbekistan SDG Booster focusing on education” (“Финландия – Ўзбекистон: Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда таълимни ривожлантириш”) тадбирида ўз лойиҳаси билан иштирок этди. Ушбу лойиҳага Финландиядаги 3 та таълим муассасаси ва ташкилотлар Karelia University of Applied Sciences, Polar Partners Ltd. ва University of Eastern Finland Global Education қизиқиш билдириб, ҳамкорлик таклифини берди.
Таклифнинг асосий мақсади, Навоий вилоятида фаолият юритаётган таълим ташкилотлари ўқитувчилари ва таълим муассаса раҳбарлари учун тезкор ўқув курсларини жорий этиш, фин таълим тизими билан яқиндан танишиш ва янги ҳамкорлик ғояларини амалга оширилишига шароит яратишдир. Ушбу лойиҳа асосида Навоий вилоятида фаолият юритаётган 10 нафар турли фан ўқитувчилари Финландияда малака ошириб, фин таълим тизимининг энг илғор технологияларини ўрганиб, пилот лойиҳа сифатида фин ўқитиш тизими жорий этилиши кўзда тутилган.
Агентликнинг Навоий вилояти ҳудудий вакиллиги ва SOFTEX IT-компанияси раҳбарияти ўртасида хорижий тилларни ўрганиш соҳасини янада ривожлантириш мақсадида имзоланган меморандумга кўра, IT-ташкилотлари билан турли компьютер платформаларини яратиш режалари ишлаб чиқилди. Жумладан, чет тилида мобиль иловалар, дастурлар яратиб, турли онлайн танловлар, олимпиада платформалари яратилиб танлов ғолиблари рағбатлантирилади.
Тил ўрганишда радио ва телевидения имкониятларидан фойдаланиш ҳам кўзланган натижани беради. Агентликнинг Навоий вилояти ҳудудий вакиллиги “Ёшлар медиа студияси” да ҳар ҳафта “English Ted Club”да баҳс-мунозара услубида билимларини бойитмоқда. Аслида хорижий тилларни ўрганиш мулоқот орқали самарали эканлигини ҳисобга олганда, бундай ёндашув тўғри ва ўз ўрнида қўлланилмоқда.
Абдували Бўриев, ЎзА