Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хорижий тилларни ўрганиш - давр талаби
11:11 / 2025-03-22

ФОТОРЕПОРТАЖ

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Чортоқ туманидаги “Станфорд” ўқув марказида хорижий тил сертификатига эга бўлган, олимпиада ва танловларда ғолибликни қўлга киритган ёшлар ҳамда вилоятда фаолият юритаётган ўқув марказлари раҳбарлари билан очиқ мулоқот қилди.  

Дастлаб, иштирокчилар ўқув маркази фаолиятига оид тақдимот ҳамда ўқувчиларга яратилган шароитлар билан танишди.

Мулоқот давомида хорижий тилларни ўрганиш давр талаби эканлиги таъкидланиб, имкониятлардан фойдаланаётган юзлаб ёшларимизнинг эришган ютуқлари, ҳар йили хорижий олий таълим муассасаларида бакалавр ёки магистратурада ўқиб, яхши касб эгаси сифатида юртимизга қайтаётган истеъдодлар эътироф этилди.

Ўзбекистон бугун барча учун очиқ давлат сифатида кўплаб хорижий инвесторлар ва чет эл корхоналарининг кириб келишига замин яратиб, ишбилармонлик ўчоғига айлангани хусусида сўз юритилди. Халқаро ҳамкорлик натижасида катта инвестициялар жалб этилиб, ривожланган мамлакатлар илғор тажрибалари юртимизга олиб кирилаётгани, бундай даврда ёшларимизнинг тил билиши, хорижликлар билан тенгма-тенг мулоқот қила олиши биз учун ўта зарурлиги қайд этилди.  

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керак, бугунги кунда вилоятда 164 ўқув маркази 2 минг 329 дан ортиқ иш ўрни яратган ҳолда ўз фаолиятини олиб бормоқда. Ҳозирда мазкур ўқув марказларда 67 мингдан зиёд ўғил-қиз таълим олаётир. Улардан 12 минг 820 дан ортиғи хорижий тил сертификатини олган.

Вилоят раҳбари очиқ мулоқот давомида чет давлатларнинг нуфузли олийгоҳларида таҳсил олаётган ёшлар билан ҳам онлайн мулоқот қилиб, уларнинг таклиф ва мулоҳазаларини тинглади.  

[gallery-22408]

Ёшлар асосан ўқув марказлари фаолиятини кенгайтиришга оид масалаларда мурожаат қилди. Шунингдек, халқаро IT ҳамда "Биз ёшлар Ибрат издошларимиз" шиори остида истеъдодли ёшлар халқаро форумини ўтказиш ҳамда хорижий тилларни ўргатишни ривожлантиришга оид таклифлар ўртага ташланди. 

Мурожаатларнинг аксариятига шу жойнинг ўзида ечим топилди. Ўрганилиши муддат талаб этадиган масалаларни ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.

Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА