Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хорижий тилларни ўқитишга бағишланган халқаро анжуман
16:10 / 2025-05-18

Жорий йилнинг 16-17 май кунлари Сирдарё вилоятидаги Гулистон давлат университети “Хорижий тилларни ўқитишнинг долзарб муаммолари ва ўқитишга замонавий ёндашувлар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуманга мезбонлик қилди.

Анжуманнинг асосий мақсади  хорижий тилларни ўқитишда инновацион ёндашувларни жорий этиш, илмий-методик тажриба алмашиш ва халқаро академик ҳамкорликни мустаҳкамлашдир.

Икки кунлик анжуманда Туркия, Хитой, Ҳиндистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, амалиётчи мутахассислар ва ёш тадқиқотчилар иштирок этди. Баликесир университети (Туркия), Тианзин хорижий тиллар университети (Хитой), Амити университети (Ўзбекистон) ва бошқа нуфузли ташкилотлар вакиллари ўз маърузаларида замонавий ўқитиш методлари ва рақамли таълим платформаларининг самарадорлиги юзасидан мулоҳазаларини баён қилди.

Тадбир доирасида 100 дан ортиқ илмий мақола ва маърузалар тақдим этилди. Фикр ва тажриба алмашинуви учун самарали платформа яратилди. Аниқ амалий таклифлар ишлаб чиқилди.

Магистрант ва докторантлар ўз тадқиқот ишлари билан иштирок этиб, илмий салоҳиятларини намоён этиш имконига эга бўлдилар. Шуъба йиғилишларида дарс жараёнида қўллашга  мўлжалланган услубий тавсиялар ва материаллар тайёрланди.

–Анжуманнинг амалий натижалари асосида бир қатор истиқболли ташаббуслар ҳам илгари сурилди, – дейди университет ўқув ишлари бўйича проректори Фазлиддин Шарипов. – Замонавий таълим технологияларини кенг жорий этиш, хусусан, мултимодал ресурслар, рақамли платформалар ва CLIL каби ёндашувларни ўқув жараёнига тўлиқ интеграция қилиш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, хорижий стажировкалар, онлайн семинар ва вебинарлар орқали ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини юксалтириш зарурлиги қайд этилди. Талабаларнинг тил ўрганишга қизиқишини кучайтириш мақсадида мукофотлар, грантлар ва халқаро сертификатларга боғлиқ стипендиялар жорий этиш таклиф этилди.

Гулистон давлат университетида ташкил этилган ушбу халқаро анжуман хорижий тил таълимидаги замонавий ёндашувларни татбиқ этиш, педагогик тажриба алмашиш ва халқаро академик мулоқотни кенгайтиришда муҳим майдон бўлди.  

Ғулом Примов, ЎзА мухбири