Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хорижий тилларни мукаммал ўрганиш учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкам қуришдир
11:58 / 2021-05-21

Муносабат

Жорий йилнинг 6 май куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг очиқлик сиёсати, дунё бозорига фаол кириб бораётгани, барча соҳаларда халқаро ҳамкорликнинг кескин кенгаяётгани, хорижий тилларни билишга эҳтиёж янада ошаётгани ҳақида гапирди. Қолаверса, мамлакатимизда хорижий тилларни ўргатиш бўйича келажак учун мустаҳкам пойдевор бўладиган янги тизимни йўлга қўйиш вақти-соати келганлигини қайд этди.

Бу хорижий тил мутахассисларини юрт равнақи йўлида янада масъулият ва ишонч билан қаттиқ, тинимсиз ва албатта, самарали ишлаш учун туртки бўлди, десам, муболаға бўлмайди.

Бирор бир соҳа, бирор бир жабҳа, бирор бир йўналиш йўқки, четда қолган бўлса, барча фаолият турлари ўрганилиб, унинг ривожи учун вазифалар белгиланаётгани, жуда қувонарли.

Мамлакатимизда чет тилларини ўқитиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган йиғилишда тизимдаги муаммолар атрофлича таҳлил қилинди. Устувор вазифалар белгиланганлиги, хорижий тилларни мукаммал ўрганиш давлатимиз ривожи, учинчи Ренессанс даври пойдеворини мустаҳкам қуриш учун муҳим қадам бўлади.

Тизимни яхшилаш, яратилаётган шароитлар, йўл қўйилган камчиликларни бутунлай бартараф этиш зарур бўлади. “Янги Ўзбекистон шиорда эмас, амалда бўлиши керак”, дея олдимизга мақсад қилиб қўйилган чет тилларни ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш шарт.

Президентимиз таъкидлаганидек, мамлакатимизда икки мингдан ортиқ чет тили ўқитувчиси лавозими вакант бўлиб қолаётгани, бир ярим мингга яқин мактабда чет тилини ўқитиш сифати мутлақо қониқарсиз эканлиги, мазкур тизимдаги ўқитувчиларнинг атиги 4 фоизи миллий ва халқаро тил сертификатига эгалиги, мактаблардаги чет тили ўқитувчиларининг 49 фоизи тестдан ўта олмаганлиги рост. Аммо бу ачинарли.

Мамлакатимизда хорижий тилларни ўргатиш бўйича келажак учун мустаҳкам пойдевор бўладиган янги тизимни йўлга қўйиш вақти-соати келганлигини англаган ҳолда, тизимдаги муаммоларни таҳлил қилиб, устувор вазифаларни белгилаш, чет тилларини ўқитиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари, бу борадаги йўл харита ва концепциялари, қолаверса, халқаро тажрибаларга таянган ҳолда чет тили ўқитувчилари учун малака талаблари ва баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш зарур бўлади.

Давлат тилидан хорижий тилларга ва хорижий тиллардан давлат тилига профессионал таржима қилиш методикалари, халқаро андозаларга мос хорижий китоблар, илғор ўқув дастурлари яратиш ҳам асосий вазифалардандир.

Давлатимиз раҳбарининг “Биз рақобатдош давлат қуришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эканмиз, бундан буён мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юрти битирувчилари камида 2 та чет тилини мукаммал билишлари шарт. Бу қатъий талаб ҳар бир таълим муассасаси раҳбари фаолиятининг асосий мезонига айланиши лозим”, дея билдирган фикрлари ҳам айни пайтда замонга мос айтилган ҳақиқат. Чунки, эркин улғайган, ўз касбини танлаб олган битирувчининг икки ёки ундан ортиқ тилни эгаллаши ўзининг келажак имкониятларини кенгайтираётгани далолатидир.

Ўқитувчиларга муносиб шароит яратиш чоралари кўрилмоқда. Халқаро сертификатнинг дастлабки ва ўрта даражасини олган ўқитувчиларнинг ойлик маошига 40 фоиз, юқори натижа кўрсатганларга 50 фоиз устама берилиши белгиланди.

Ихтисослашган мактаблар ва олий ўқув юртларига тил эгаси бўлган хорижлик ўқитувчиларни жалб қилиш, ҳар бир туманда танлов ўтказиб, чет тили ўқитувчиларини хорижда малака оширишини йўлга қўйиш чет тили мутахассисларини чет тилини ўқитиши билан бирга амалиёти интеграцияси бўлади, ўрганилаётган тили, маданияти, тарихи, географияси, санъати ва урф одатидан жойида баҳраманд бўлади, ҳар бир ўқитувчининг ўзига бўлган ишончи ортади, янги-янги режаларни туза олади.

Юқори балл олган ўқитувчиларга халқаро сертификат олиш учун тест топшириш харажатлари қоплаб берилиши, келгуси йилдан бошлаб, ишга қабул қилинаётган чет тили ўқитувчиларига миллий ва халқаро сертификатга эга бўлиш талаби киритилиши, чет тилини ўқитиш сифатини ошириш учун маҳаллий бюджетдан ҳар бир туман ва шаҳарга моддий маблағлар ажратилиши, энг яхши мактабларни аниқлаш учун Президент совринининг таъсис этилиши, ихтисослашган мактаблар ва олий ўқув юртларига тил эгаси бўлган хорижлик ўқитувчиларни жалб қилиш, ҳар бир туманда танлов ўтказиб, чет тили ўқитувчиларини хорижда малака оширишини йўлга қўйиш муҳимлиги, айтилди.

Яратилиши белгиланган шароитлар натижасида жамиятда ўқитувчи мақомининг юксалиши, чет тили ўқитувчиларининг билим, малака ва кўникмаларининг мукаммаллашуви, устозларнинг янада кўтаринки руҳиятда ишлашига мотивация бўлиб, уларнинг ишлаш самараси ва ўқувчиларга билим бериш сифатининг ортишига олиб келади.

Таълим муассасалари тармоқлар ва ҳудудлар эҳтиёжидан келиб чиқиб, камида 10 та чет тилини (инглиз, рус, немис, француз, хитой, корейс, япон, турк, араб, форс) ўргатишни ташкиллаштирилса, Ўзбекистонда Янги туризмнинг ривожланиши, бозор иқтисодиётининг ўсиши, савдо-сотиқ соҳасининг кескин ривожланишига олиб келади.

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳудудларда чет тилларини ўргатиш муҳитини шакллантириш, бунга ташкилий ва молиявий шароит яратиш баробарида чет тили ўқитувчиларининг ойлик маошидан ташқари қўшимча ишлаб ҳақ олишига эришилади.

Ҳар бир вазирлик, идора, давлат компаниялари ва йирик хусусий корхоналарда тил ўрганишни қўллаб-қувватлаш, ҳафтанинг бир кунини белгилаб, хорижий тилларни ўрганиш учун шароит яратиш зарурлиги таъкидланди.

Биз кечаги Ўзбекистонда эмас, бугунги Янги Ўзбекистонда, халқимизнинг буюк қудрати жўш урган замонда, “ҳаёт” деган концептнинг олтин сарлавҳалари ёзилаётган, илм-фан тараққиёти шиддат билан ривожланаётган даврда яшаяпмиз.

Бугун жаҳон бўйлаб юртимиз ҳақида сўз борганда беихтиёр “Янги Ўзбекистон” ибораси тилга олинмоқда. Бу сўнгги йилларда тараққиётнинг бутунлай янги босқичига қадам қўйганимиз, эришаётган залворли ютуқларимизнинг эътирофи демакдир.

Мамлакатимизда хорижий тилларни ўргатиш бўйича порлоқ келажак учун замин бўладиган янги тизимни йўлга қўйиш вақти-соати келганлиги шубҳасиз, чунки хорижий тилларни мукаммал ўрганиш – учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкам қуришдан далолат беради.

Малоҳат Жўраева,

филология фанлари доктори , профессор,

Бухоро давлат университети  Хорижий тиллар факультети декани.

ЎзА