Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хорижий тил ўқитувчилари халқаро сертификатга эга бўлади
09:43 / 2022-03-01

Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги Фарғона вилояти ҳудудий вакиллиги томонидан вилоятдаги хорижий тиллар ўқитувчиларининг тажриба ва малакалари мунтазам ошириб борилмоқда.

Уларнинг миллий ва халқаро чет тилларини билиш бўйича даража сертификатини олишларига кўмаклашилмоқда. Вилоятнинг барча туман-шаҳарлари халқ таълими тизимида фаолият олиб бораётган 120 нафар инглиз тили фани ўқитувчилари танлаб олиниб, мобил гуруҳ тренерлари тузилди. Жорий йил январь ойидан бошлаб мазкур тренерлар томонидан 90 та таянч мактабларида инглиз тили фани ўқитувчилари иштирокида ўқув машғулотлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, касб-ҳунар коллежларида фаолият олиб бораётган инглиз тили фани ўқитувчилари учун таянч таълим муассасаларида ҳар ойда 2 марта ўқув курслари ташкил этилди. Ўқувлар орқали 72 нафар инглиз тили фани ўқитувчилари тайёрланди. Бундан ташқари, "Баркамол авлод" болалар мактабларида фаолият олиб бораётган инглиз тили фани ўқитувчилари учун ҳам ўқувлар ташкил этилиши белгилаб олинди.
Агентлик ва вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамкорлигида умумтаълим мактабларида хорижий тил хоналари учун ажратиладиган жиҳозлар тўғрисида манзилли дастур ишлаб чиқилди. Дастурга кўра, 2021 йилда 45 та мактаблар учун 1 миллиард 175 миллион сўм, 2022 йилда 50 та мактаблар учун 1 миллиард  200 миллион сўм маблағ маҳаллий бюджет ҳисобидан ажратилди. Хорижий тилларни ўқитишга ихтисослаштирилган мактабларнинг “LLL” (эркин мулоқот майдончаси) хоналарини замонавий жиҳозлаш учун 2 миллиард 451 миллион сўм маблағ маҳаллий бюджет ҳисобидан ажратилди.

Сўх туманидаги чет тили фани ўқитувчилари ўртасида даража сертификатлари сонини кўпайтириш бўйича давра суҳбати ташкил этилди. 5-сонли ўрта таълим мактабида ўқув семинари ташкилланиб, халқаро ТКТ имтиҳони учун тажриба-синов тестлари ўтказилди.
Таъкидлаш керакки, агентлик томонидан республика халқ таълими тизимида фаолият юритаётган, халқаро ва миллий сертификатларга эга инглиз тили ўқитувчилари рейтинги шакллантирилган. Унга кўра, вилоятлар кесимида Фарғона вилояти мавжуд сертификатлар сони бўйича 1-ўринни, умумий ўқитувчилар сонига нисбатан кўрсаткичлар бўйича 5-ўринни эгаллади.

М. Сулаймонов, ЎзА