Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хорижий тажриба соҳа истиқболи
21:26 / 2024-12-28

Енгил саноат йўналиши мамлакатимиз иқтисодиётининг ривожланган тармоқларидан бири ҳисобланиб, юртимизда бу тармоқни ривожланиши учун ўзига хос қулай муҳит шаклланган. Ҳозирда енгил саноат кўп тармоқли индустриал комплекс сифатида тўқимачилик, ип йигириш, тикувчилик ва бошқа йўналишларда кўплаб маҳаллий ва қўшма корхоналар самарали фаолият юритмокда. Табиийки мазкур ишлаб чиқариш субъектларини малакали кадрлар билан таъминлаш ҳам муҳим масалалардан саналади.

Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг Ўзбекистонда енгил саноатни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси доирасида Қарши дизайнер ва технологларни тайёрлаш техникумида ўтказилган ўқув семинарнинг асосий мақсади соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш масалаларига қаратилди. Мазкур семинарда лойиҳа вакиллари билан бирга енгил саноат йўналишида тажрибага эга, малакали хусусий сектор вакиллари, техникум ва умумтаълим мактаби битирувчилари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.

– Ушбу тадбир асосан талабаларимиз иштиёқини ошириш мақсадида ташкил этилмоқда, – дейди Қарши дизайнер ва технологларни тайёрлаш техникуми директори Юлдуз Адилова. – Масалан, дастлабки босқичларда нималарга аҳамият қаратиш лозимлиги, бугунги кунда мамлакатимизда айнан енгил саноатнинг ривожланиш босқичлари ҳамда бу борада хориж тажрибасидан фойдаланиш юзасидан ҳам кўникмалар берилди.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар ўз тажрибалари билан ўртоқлашаркан, бу борада босиб ўтган йўлларини, иш бошлаш учун зарур бўлган жиҳатлар билан ўртоқлашди. Шунингдек, германиялик мутахассислар лойиҳа мақсади ва аҳамияти хусусида тушунтиришлар бериб ўтди.  

– Мамлакатингизда бу тармоқни ривожлантириш учун етарлича имконият ва ресурслар мавжуд, – дейди Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЗ) нинг вакили Теа Спрашвили. – Шу билан бирга тажрибали мутахассислар ҳам бор. Мақсадимиз мазкур таълим муассасаси битирувчилари ҳамда саноат корхоналари ўртасида шаффоф алоқалар ўрнатилишига кўмаклашиш. Ўйлаймизки семинарлар давомида бу мақсадларга албатта эришамиз.

Гуруҳларга бўлинган тренинглар давомида мутахассислар томонидан тикувчилик технологияси, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг муҳим асослари хусусида ўз тажрибаларини баҳам кўришди. Муваффақиятга эришиш борасида маслаҳатлар берилди.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири