Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хорижий меҳмонлар Ислом цивилизацияси маркази экспонатлари билан танишди
17:12 / 2025-11-13

Пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси марказида "Марказий Осиё: умумий маънавий, маърифий мерос ва умумий келажак" номли халқаро конгресс доирасида Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжондан келган меҳмонлар учун Марказ экспозицияси бўйлаб экскурсия ташкил этилди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илгари тарихимизда бўлмаган улкан ва ноёб лойиҳадир. Марказ биноси тарихий обидаларга уйғун шаклда бунёд этилган. Гумбаз ва пештоқлар, нақшларнинг ўзаро уйғунлиги унга алоҳида кўрк ва салобат бағишлаган.  

Ислом цивилизацияси маркази илмий-тадқиқот бўлимлари, нодир қўлёзмалар миллий реестрини юритиш бўлими, қўлёзмалар фонди, кутубхона ва архивлар, халқаро бўлим, зиёрат туризми, манбашунослик ва нашриёт фаолияти бўлимларидан иборат.

Шунингдек, унинг биринчи қаватида 15 минг квадрат метр майдонни эгаллаган кўргазма-галерея жойлашган. Унда турли тарихий даврларга оид буюмлар ва артефактлар намойиш этилиб, аждодларимизнинг ижодий салоҳияти замонавий технологиялар ва рақамли қурилмалар ёрдамида ёритилади.

Иккинчи қаватда эса 100 минг дона қўлёзма ва литография, бир миллиондан ортиқ китобларни ўз ичига олган улкан кутубхона жойлашади. Шунингдек, мазкур қаватда Ислом цивилизацияси марказининг илмий бўлими ва халқаро ташкилотларнинг офислари ҳам жойлашган.

Марказнинг музей экспозицияси “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс даври”, “Иккинчи Ренессанс даври”, “Ўзбекистон – ХХ асрда”, “Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс пойдевори”, “Қуръони карим” залларидан иборат. Ушбу бўлимлар юртимиздаги цивилизация ривожланишининг турли даврларини акс эттиради.

Конгресс 15 ноябрга қадар давом этади.

Гулноза Бобоева, ЎзА