Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хорижий инвесторлар иштирокида янги лойиҳалар
15:26 / 2024-04-08

Хитойнинг “ZHUCHENG XINXUDONG MACHINERY CO.LTD” ҳамда Ҳиндистоннинг “ONKAR ENERGY UDDYOG” компаниялари вакилларидан иборат хорижий инвесторлар Бухоро вилояти Шофиркон туманида бўлди. Меҳмонлар қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларни ўрганиб, инвестиция киритишга доир истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилди.

Туман ҳокими Алишер Файзуллаев билан мулоқотда “ZHUCHENG XINXUDONG MACHINERY CO.LTD” хорижий корхонаси чўл массивига туташ Мингчинор маҳалласи ҳудудида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, мева-сабзавотчиликни ривожлантиришга доир бизнес лойиҳаларини таклиф қилди.  

Туман раҳбари билан учрашувда хитойлик инвесторлар маҳаллий “Нурли боғ – 2020” МЧЖ корхонаси билан ҳамкорлик қилиб, боғдорчилик ва сабзавот маҳсулотларининг экспортбоп турларини етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва етказиб бериш борасида ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирди. Тадбиркорлик субъектига қарашли ер майдонини кўздан кечирди.

– Сўнгги йилларда чекка туманнинг “Мингчинор” маҳалла фуқаролар йиғинида йирик лойиҳага қўл урилди, – дейди лойиҳа ташаббускори Маъруф Нуриддинов. – Лойиҳага кўра, йилига 2 минг тонна мева-сабзавот етиштирилиб, сақланади ва консерваланади, 200 нафар ёш доимий иш билан таъминланади. Шу мақсадда “Осиё” массивида 200 гектар фойдаланилмаётган ер майдонлари текисланиб, суғориш учун тайёрланган. “Нурли боғ–2020” МЧЖ ҳамда бошқа субъектлар экин майдонларини оби ҳаёт билан таъминлашда 8 та артезиан қудуғини ишга тушириб, сув тақчиллигига ечим топилмоқда.  

Умумий қиймати 5 миллиард сўмга тенг бўлган лойиҳанинг 1,5 миллиард сўми ташаббускор улуши, қолган 3,5 миллиард сўми эса Халқ банки вилоят филиалининг имтиёзли кредит сармояси ҳисобидан молиялаштирилган.

Дастлаб ҳудудда қаровсиз ётган 100 гектардан ортиқ майдон ўзлаштирилиб, ер тайёр бўлгач, мева кўчатлари ўтқазилиб, парвариши ишлари бошланган. Айни пайтда боғ қатор ораларида сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштирилмоқда. Тайёрланадиган маҳсулотнинг асосий қисмини хорижий ҳамкорларга экспорт қилиш кўзда тутилган.  

Туман ҳокими Ҳиндистоннинг “ONKAR ENERGY UDDYOG” компанияси вакили Харбҳажан Сингҳ Саини билан музокарада ҳудудда қатор лойиҳаларни амалга оширишга доир келишувга эришди. Шу боис, Харбҳажан Сингҳ Саинининг “ONKAR ENERGY UDDYOG” хорижий корхонаси туман адлия бўлими Давлат хизматлари марказидан рўйхатдан ўтказилди. Ҳозир лойиҳалар амалиёти юзасидан шартнома тузилмоқда.  

Музокараларда мазкур лойиҳа ва келишувлар чекка туманнинг иқтисодий юксалишида муваффақиятли қадам бўлишига ишонч билдирилди.  

Зариф Комилов, ЎзА мухбири