Мамлакатимизда нефть-газ соҳасида стратегик ҳамкорликни кенгайтириш ва хорижий инвестициялар жалб қилишда янги ташаббусларга қадам қўйилмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖда АҚШнинг “Global Infrastructure Partners” компанияси вакиллари билан ўтказилган учрашувда ана шундай инвестициявий истиқболлар ва ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Абдуғани Санғинов ва мазкур компания вакили Эрик Варвел бу учрашув мамлакатимиз нефть-газ инфратузилмасини модернизация қилиш ва халқаро молиявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун муҳим қадам эканини қайд этди.
Унда томонлар стратегик ҳамкорлик истиқболлари, жумладан, Ўзбекистоннинг нефть-газ соҳасидаги мавжуд инфратузилмасига инвестиция киритиш имкониятларини атрофлича муҳокама қилди.
Мулоқот давомида барча эҳтимолий таклифларни ҳар томонлама ва пухта таҳлил қилиш, шунингдек, уларнинг “Ўзбекнефтгаз” АЖ молиявий-иқтисодий кўрсаткичларига таъсирини баҳолашнинг муҳимлигига урғу берилди.
Учрашув якунида хорижий томон билан ахборот алмашинуви бўйича келишув имзоланди. Шунингдек, томонлар нефть-газ соҳасида истиқболли инвестиция лойиҳаларини кўриб чиқиш ва стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдирди.
Жамият ахборот хизматига кўра, ушбу музокаралар Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги инвестициявий имкониятларини кенгайтириш ва нефть-газ соҳасида стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун муҳим аҳамият касб этади. Бу учрашув икки томон учун ҳам самарали ҳамкорлик асосларини яратади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА