French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хорижий инвестиция — Сирдарё саноатининг драйвери
17:01 / 2026-01-06

Сирдарё вилоятида хорижий инвестицияларни жалб қилиш, янги саноат қувватларини ишга тушириш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган изчил ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Жумладан, Сирдарё туманида жорий йилда 71,7 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ўзлаштирилиши режалаштирилган.

Маълумотларга кўра, ушбу инвестицияларнинг 50,2 миллион доллари Хитой Халқ Республикаси, 8,5 миллион доллари Украина ва 13 миллион доллари Полша ҳиссасига тўғри келади. Лойиҳалар саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида амалга оширилади ва маҳаллий хомашёдан юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни назарда тутади.

Сўнгги йилларда туманда Хитой, Туркия, Корея Республикаси, Россия ва Европа мамлакатлари сармоядорлари иштирокида қатор қўшма корхоналар ташкил этилди. Улар томонидан керамик плиталар, сантехника маҳсулотлари, чарм ва чарм маҳсулотлари, қурилиш материаллари, пластик қувур тизимлари, кафель елимлари ҳамда бошқа саноат товарлари ишлаб чиқарилмоқда. Аҳолининг кўпчилик қисми доимий иш билан таъминланди.

–  Сирдарё тумани географик жойлашуви, транспорт логистикасига яқинлиги ва меҳнат ресурсларининг етарлилиги билан инвесторлар учун жозибадор ҳудуд ҳисобланади, –    дейди Сирдарё тумани ҳокимлиги инвестиция, саноат ва савдо бўлими бош мутахассиси Абдухолиқ Абдураҳмонов.  –   Чунки хорижий инвестиция иштирокида ташкил этилган корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар нафақат ички бозор эҳтиёжини қондиряпти, балки экспорт ҳажмини оширишга ҳам хизмат қилмоқда. Энг муҳими, бундай лойиҳалар орқали янги иш ўринлари яратилмоқда ва аҳоли бандлиги таъминланмоқда.

Қайд этилишича, туманда экспорт йўналишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хорижий инвестиция корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқиш, экспорт географиясини кенгайтириш ҳамда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар улушини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва янги истиқболли лойиҳаларни ишга тушириш орқали келгуси йилларда Сирдарё туманининг экспорт салоҳиятини янада ошириш режалаштирилган.

Мутахассислар фикрича, хорижий инвестициялар иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳудуд саноат салоҳиятини мустаҳкамлаш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Сўнгги йилларда туманда Хитой, Туркия, Корея Республикаси, Россия ҳамда Европа мамлакатлари сармоядорлари иштирокида ташкил этилган қатор қўшма корхоналар ҳудуд саноат салоҳиятини ошириш, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш ва аҳоли бандлигини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Шулар орасида “Пенг-Шенг” Ўзбекистон–Хитой қўшма корхонаси фаолияти алоҳида эътиборга молик. Корхонада керамик плиталар, сантехника жиҳозлари, чарм маҳсулотлари ва бошқа саноат товарлари ишлаб чиқарилмоқда. Мазкур ишлаб чиқариш мажмуасида 2 000 нафарга яқин фуқаро доимий иш билан таъминланган бўлиб, бу туман аҳолиси, айниқса ёшлар бандлигини таъминлашда муҳим омил ҳисобланади.

– Лойиҳаларни самарали амалга оширишда давлат томонидан яратилаётган қулай инвестицион муҳит ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Корхонамизда замонавий технологиялар жорий этилган бўлиб, ишлаб чиқариш ҳажмини босқичма-босқич ошириш имконияти мавжуд. Асосий мақсадимиз — рақобатбардош, экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш орқали ички бозор эҳтиёжини қондириш ва ташқи бозорларга чиқиш. Шу билан бирга, маҳаллий аҳоли, айниқса ёшлар учун барқарор иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратяпмиз, –  деди Қўшма корхона бош менежери Ғофуржон Аҳмедов.

Шунингдек, “Пенг-Шенг” қўшма корхонаси асосида чарм хомашёсини қайта ишлаш ва ундан желатин ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги ишлаб чиқариш қуввати ҳам ишга туширилди. Замонавий технологиялар асосида барпо этилган мазкур корхона йилига 90 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, ички бозор эҳтиёжини қондириш ва экспорт йўналишини кенгайтиришни кўзда тутади.

Бундан ташқари, вилоятда пластик қувур тизимлари, қурилиш материаллари, кафел елимлари ва экспортбоп сантехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича ҳам янги қувватлар фаолият бошлади. Ушбу маҳсулотлар ички бозорда импорт ўрнини босиш билан бирга, келгусида ташқи бозорларга чиқариш ҳажмини оширишга хизмат қилади.

Хорижий инвестиция лойиҳаларининг изчил амалга оширилиши натижасида ҳудудда янги иш ўринлари яратилмоқда, маҳаллийлаштириш даражаси ортиб бормоқда ва Сирдарё вилоятининг саноат салоҳияти мустаҳкамланмоқда. Бу эса аҳоли бандлигини таъминлаш, даромад манбаларини кенгайтириш ва иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири