Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги “Парвоз Хумо Равнақ Транс” масъулияти чекланган жамияти ва унинг негизида ташкил этилган корхоналар фаолияти йилдан йилга кенгаймоқда.
Жамият дастлаб, яъни 2011-2017 йилларда асосан транспорт хизмати кўрсатиш йўналишида фаолият юритган. Корхонада 2018 йилдан бошлаб тўқимачилик, тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш тармоғини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Корхона тармоқларида бугунга келиб жами 1 минг 380 нафар киши меҳнат қилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида умумий қиймати 85 миллион АҚШ долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. Шундан 56 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинган.
Қўшимча тармоқ сифатида Ғиждувон туманида очилган замонавий тўқимачилик фабрикасида 600 нафар киши доимий иш билан таъминланган. Фабриканинг тўлиқ қуввати йилига 9 минг 400 тонна ип-калава ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Айни кунда тўла қувватда фаолият юритаётган ип-йигирув фабрикаси маҳсулотлари Россия Федерацияси, Украина, Болгария, Эрон, Миср, Туркия, Польша ва Молдова давлатларига экспорт қилинмоқда.
2019 йилдан бошлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш, уларни қайта ишлаш, қурилиш тармоғини йўлга қўйиш орқали масъулияти чекланган жамияти фаолияти замонавий кенг тармоқли кластер мақомини олди. Жамият негизида 2021 йилда лойиҳа қиймати 25 миллион АҚШ долларига тенг, йиллик қуввати 10 минг 950 тонна трикотаж ва тўқима матони бўяш ҳамда гул босишга мўлжалланган корхона иш бошлади. 450 та янги иш ўрни яратилди.
Шунингдек, “Парвоз Хумо Равнақ Транс” МЧЖ пахта тўқимачилик кластери томонидан Олот туманида ёғ-мой заводи қурилди. Бу 150 нафар қишлоқ ёшларини доимий иш билан таъминлаш имконини берди. Бундан ташқари, корхона амалий кўмагида Олот туманидаги 2 та муқобил машина трактор парки мукаммал реконструкция қилинди. 40 миллиард сўм маблағ эвазига 20 та юқори унумли ҳайдов техникаси, 30 та чопиқ трактори, 25 та культиватор ва қишлоқ хўжалигига зарур ускуналар келтирилиб МТП моддий-техника базаси янада мустаҳкамланди. Эътиборлиси 100 га яқин иш ўрни яратилди. Жамият қишлоқ хўжалигида сувдан унумли фойдаланиш ва тизимга замонавий технологияларни татбиқ этишга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. 532 гектар пахта майдонининг томчилаб суғориш тизимига ўтказилиши ҳосилдорликни ошириш баробарида, 50 дан зиёд маҳаллий аҳолини иш билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этди.
Бухоро вилояти ҳокими раҳбарлигидаги делегациянинг жорий йил август ойида Жанубий Корея давлатига ташрифи доирасида вилоятда енгил саноат ва бошқа тармоқларни ривожлантириш юзасидан хорижий ҳамкорлар билан бизнес музокаралар олиб борилган эди. Музокараларда “Парвоз Хумо Равнақ Транс” МЧЖ таъсисчиси Шермуҳаммад Очилов ҳам қатнашди.
– Ташриф доирасидаги музокаралар жуда самарали бўлди, – дейди Ш. Очилов. – Жанубий Кореянинг тиббиёт униформалари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “K-Nanuni” компанияси билан ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришилди. Унга кўра, мазкур компания вакиллари жорий йилнинг якунига қадар Бухорога келади. Ташриф давомида бир нечта истиқболли лойиҳалар бўйича бизнес келишувлар имзоланиши режалаштирилган.
Зариф Комилов, ЎзА