French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хорижий элчилар эътирофи
13:55 / 2022-02-13

Шу ҳафта Фаластин давлатининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Абдулла Таршахоний ва Корея Республикаси элчиси Кан Чже Квон мамлакатимиздаги миссиясини якунига етказди. Шу муносабат билан хорижлик дипломатлар маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакилларига интервью берди.

Муҳаммад Абдулла Таршахоний: Ўзбекистон ўз олдига улкан, улуғвор мақсадларни қўйган

- Ўзбекистон ва Фаластин ўртасида яқин, дўстона муносабат шаклланган. Доимий равишда давлатимизга ҳар томонлама кўмак бериб келаётгани учун мамлакатингиз Президенти, ҳукумати ва ўзбек халқидан чексиз миннатдормиз. Мустақил Фаластин давлатини қуриш йўлидаги саъй-ҳаракатимиз БМТ ва бошқа нуфузли халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик жараёнида мунтазам қўллаб-қувватланаётганини эътироф этамиз.

Бугунги Ўзбекистон бундан 5-6 йил аввалгисидан кескин фарқ қилади. Зеро, Шавкат Мирзиёев жаноблари Президентликка сайланганидан сўнг мамлакат ўз олдига жуда улкан, улуғвор мақсадларни қўйди. Узоқни кўзлаб танланган бу йўл жуда залворли. Энг муҳими умидли қадамлар ўз вақтида қўйилди. Қувонарлиси, ислоҳотларнинг дастлабки йилларидаёқ катта ижобий ўзгаришлар, янгиланишлар кўзга ташланмоқда. Нафақат пойтахт, балки ҳудудлар ҳам жадал ривожланмоқда. Барча соҳаларда эришилаётган мислсиз ютуқларга ўзим гувоҳман. Элчи сифатида кўплаб тадбирларда иштирок этамиз, ҳудудларда, ташкилот, муассасаларда бўламиз. Мен мамлакатдаги мана шундай ижобий ўзгаришларнинг бевосита иштирокчиси эканимдан чексиз фахрланаман. Ишончим комилки, пухта режалар, бугунги кунда бошланган саъй-ҳаракатлар мамлакатни мутлақо янги, халқаро миқёсда юксак даражага олиб чиқади.

Мен Ўзбекистондаги 8 йиллик фаолиятимни тугатиб, ушбу гўзал, жаннатмонанд юртни, фаластинликлар учун дўст, қардош давлатни чуқур мамнунлик ҳисси билан тарк этяпман. Ўтган давр мобайнида ҳамкорларимиз билан биргаликда салмоқли натижаларга эришдик. Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа бир неча давлат ташкилотлари, идоралар ўртасида учрашувлар ташкил этилди. Юзма-юз ва бошқа турли форматдаги мулоқотлар икки давлат ўртасидаги шерикликни мустаҳкамлашга ҳисса бўлиб қўшилди. Тан олиш керак, ҳозирча савдо-иқтисодий алоқаларимиз мавжуд имкониятлар даражасида йўлга қўйилган, дея олмаймиз. Келажакда ушбу йўналишда бошланган ишларни давом эттириб, ҳамкорлик кўламини кенгайтиришимиз зарур. Ўзбекистон ва Фаластин муносабатида ҳали фойдаланилмаган салоҳият катта. Шу маънода ҳамкорлигимиз бундан кейин ҳам тизимли равишда ривожланиб боради, деган умиддаман.

Кан Чже Квон: Халқларимиз фазилатида умумий жиҳатлар кўп

Ўзбекистон ва Корея Республикалари бир-бирини дўст, биродар, деб билади. Бугунги кунга келиб икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик стратегик даражага кўтарилди. 3 йил давом этган Ўзбекистондаги фаолиятим менга ўзига хос фахр туйғусини бағишлайди. Зеро, коронавирус пандемияси муносабати билан бутун дунёда юзага келган қийинчиликларга қарамай, турли даражадаги мулоқотлар орқали бир-биримизни мунтазам равишда қўллаб-қувватладик. Давлатларимиз раҳбарларининг ўзаро ташрифлари, онлайн учрашувлари, телефон орқали сўзлашувлари, табрик ва мурожаатлари, парламентлараро ташрифлар амалга оширилди. Бу Ўзбекистон ва Корея доимо бир-бири ҳақида қайғуришидан, бир-бирига кўмак беришга тайёрлигидан далолат.

Элчилик фаолиятим даврида ижтимоий соҳаларда, таълим, маданият йўналишларида фаол шерикликни йўлга қўя олдик. Қувонарлиси, халқларимиз бир-бирига янада яқинлашди.

30 йилдан буён дипломатия соҳасида хизмат қилиб келаман. Шунга қарамай, Ўзбекистонда ишлаган даврим мен учун алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, мен миллатларимиз, халқларимиз ўртасида жуда кўп умумий, ўхшаш жиҳатларни кўраман. Бу нималарда намоён бўлади? Масалан, ўзбеклар доимо келажакка ишонч, умид билан боқишади, мудом яхши ният қилишади. Корейслар ҳам худди шундай: мажозий маънода айтганда, бизни, ҳув анави, кўриниб турган баланд тоғлар ортида ёруғлик кутади. Ёки мана шу мавжланиб турган океаннинг нариги томонида ҳам эзгулик ҳукмрон. Яъни, бу икки халқ ҳамиша ижобий фикрлайди, ҳаётдан фақат ҳикмат қидиради, ҳаммага яхшилик, ёрқин келажак тилайди. Ишончим комилки, ўзбекистонликлар сахий, меҳмондўст, бағри кенг инсонлар сифатида ёдимда сақланиб қолади. Икки халқ фазилатидаги уйғунлик эса умрим давомида менга ҳамроҳ бўлади.

ЎзА мухбири

Ғайрат ХОННАЗАРОВ ёзиб олди.