Бугун, Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталигининг сўнгги куни доирасида “Янги Ўзбекистонда ёшлар сиёсати ва спорт соҳасида эришилган ютуқлар, истиқболдаги вазифалар” мавзусида учрашув ташкил этилди.
Анжуман соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш, мамлакатимиз тажрибасини халқаро экспертлар иштирокида муҳокама қилиш ва истиқболдаги режалар хусусида иштирокчиларга маълумот бериш мақсадини кўзлаган.
Ўнга яқин хорижий эксперт, халқаро ташкилотлар вакиллари, фуқаролик жамияти институтлари мутахассислари хорижий ҳамкорлар билан тегишли битимлар имзолаб, қўшма лойиҳалар амалга оширишга келишиб олди.
Учрашувда Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси раиси Қаҳрамон Қуронбоев, спорт вазири Адхам Икромов ва Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев муайян йўналишлардаги ислоҳотлар, ёшлар учун қўшимча имкониятлар яратиш, уларга касб-ҳунар, хорижий тил ўргатиш, бандликни таъминлаш ва бўш вақтни мазмунли ташкил этиш бўйича кўмаклашиш юзасидан амалга оширилаётган тизимли ишлар тўғрисида тақдимот намойиш қилишди.
[gallery-19981]
Мамлакатимизда фуқаролик жамиятининг энг қуйи бўғини – маҳалладан бошлаб ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича “Яхлит вертикал бошқарув тизими” яратилгани қайд этилди. Хусусан, тизим асосида республикамиздаги 9 452 маҳаллада Ёшлар етакчилари иш бошлаган, “Ёшлар баланси” шакллантирилган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан маҳаллалар негизида “маҳалла еттилиги” фаолияти йўлга қўйилгани ҳам алоҳида эътироф этилди.
Бундан ташқари ёш иқтидорларни кашф қилиш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида йил давомида “Беш ташаббус олимпиадаси”ни ўтказиш амалиёти жорий этилди. 5 босқичда “Бўзатов – ёшлар овози”, ёш мусаввирлар, мушоира танловлари, “Заковат”, енгил атлетика, стол тенниси, стрит воркаут, шахмат-шашка, футбол мусобақалари ўтказилиб, ҳозирги кунга қадар жами 8,3 миллион ёшлар қамраб олинди.
Шунингдек, сессияда Покистон Бош вазири идораси, Миллий ассамблея аъзоси вакили Саида Амна Батул, Туркия Ёшлар жамғармаси раҳбари Иброҳим Бешинжи, “Hi China” Халқаро ёшларни ривожлантириш альянси президенти Лю Си, Озарбайжон Миллий ёшлар ташкилотлари ассамблеяси раиси Рафаэл Ҳожибойли сўзга чиқди. Улар юртимизда ёшлар учун яратилган қулайликларни юқори баҳолади.
Беҳруз Худойбердиев,
Аслиддин Алижонов (сурат),
ЎзА мухбирлари