Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хорижий дипломларни тан олиш бўйича имтиҳонлар интернет тармоғи орқали ўтказилмоқда
18:57 / 2021-07-28

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги "Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олишда талабгорлардан олинадиган тест синовларини интернет тармоғида онлайн эфирга узатиш бўйича вазифалар белгилаб берилган эди.

Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан imtihon.tdi.uz сайти ишга туширилди. Эндиликда барча қизиқиш билдирганлар ушбу сайт ва Таълим инспекциясининг Youtube ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифаси орқали хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш учун навбатдаги синов тестларини онлайн вақт режимида кузатиб бориши мумкин.

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш бўйича синовлар талабгорлар сонидан келиб чиққан ҳолда ҳар ойда аввалдан эълон қилинадиган кунлари ўтказиб келинмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 27-30 июль кунлари ташкил этилаётган навбатдаги жараёнларда талабгорлар “Ҳуқуқшунослик”, “Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот”, “Иқтисодиёт”, “Қишлоқ хўжалиги, муҳандислик, ишлов бериш ва қурилиш” ҳамда “Ўқитувчилар тайёрлаш ва педагогик фанлар” соҳалари бўйича ўз билимини синовдан ўтказмоқда.

Таъкидлаш лозим, талабгорларнинг ҳужжатлари давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади ҳамда синовлар ўтказиладиган муддат ҳақида талабгорларга хабарнома юборилади. Тест синовлари жараёнида талабгорларга компьютерда 50 та тест топшириғини ечиши учун 1 соат 40 дақиқа вақт ажратилади.

Шунингдек, талабгорлар тестни якунлаши билан ўзлари қайд этган натижаларни билиб олиши мумкин. Ижобий натижа қайд этганлар эса хорижий давлатда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш ҳақидаги гувоҳномаларни тегишлилиги бўйича давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юклаб олиши мумкин.

Шавкат Хўжақулов,

Таълим инспексияси матбуот хизмати раҳбари.