Хориждан қирғовуллар ва Ҳиндистон оқ товусларини олиб кираётган фуқаро тўхтатилди
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати маълум қилишича, Ўзбекистон – Қозоғистон чегарасидаги “Ғишткўприк” чегара постида қонунбузарлик ҳолати аниқланди.
Хабарга кўра, Андижон вилоятида яшовчи фуқаро М. Н. Чеченистон Республикасидан 22 дона, 4 турдаги қирғовул ва 5 дона Ҳиндистон оқ товусини чегара божхона постидан ноқонуний равишда олиб ўтишга уринган вақтида тўхтатилди. Текширув давомида фуқаро тегишли ҳужжатларни тақдим эта олмагани, шунингдек, ветеринар хулосасида қушларнинг номи ва сони нотўғри кўрсатилгани маълум бўлди.
Қушлар вазиятга аниқлик киритилгунга қадар, Тошкент ҳайвонот боғига вақтинча топширилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА