Республикамизнинг тадбиркорлик ва саноат марказига айланган Наманганда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳамда чет эллик сармоядорларни қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият берилмоқда. Хусусан, вилоят ҳокимининг “Тадбиркорлар кенгаши” аъзолари ҳамда хорижий ва маҳаллий инвесторлар билан учрашув ўтказиши анъана тусини олган.
Наманган шаҳридаги муҳташам “Маърифат маркази”да бўлиб ўтган навбатдаги ана шундай мулоқотда вилоят секторлари раҳбарлари ҳам иштирок этди. Мулоқот аввалида, Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов вилоят “Тадбиркорлар кенгаши” аъзолари эътиборини муҳим масалага қаратди. Яъни, шу кунларда юртимизга хориж давлатларидан меҳнат фаолиятидан қайтиб келган фуқароларни иш билан бандлигини таъминлашда етакчи субъектларни ўрни беқиёс эканлигини таъкидлади. Тижорат банклари раҳбарларига ёшларни “Бизнесга биринчи қадам” лойиҳаси доирасида тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасида топшириқлар берди.

Шу нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда, вилоятда самарали фаолият юритиб келаётган “Чуст текстиль”, “Фазман текстиль”, “Наманган металлургия заводи”, “Ифтихор кийим саноат”, “Наманган цемент” каби йирик саноат ишлаб чиқариш корхоналари раҳбарлари наманганлик ёшлар ва хориждаги юртдошларимизга мурожаат билан чиқиб, айни кезда юздан зиёд бўш иш ўринлари мавжудлиги, уларда мутахассислар учун қулай меҳнат шароитлари ва иш ҳақлари қониқарли эканлигини қайд этилди.
Мулоқотда вилоят ҳокими сектор раҳбарлари билан биргаликда кадастр, кредит, муҳандислик тармоқлари, солиқ имтиёзлари ва субсидия ажратиш, асаларичилик экспорти, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаш мақсадида четдан кириб келаётган айрим импорт маҳсулотларига нисбатан чеклов киритиш каби масалаларнинг ўн тўрттаси шу жойнинг ўзида қаноатлантирилди. 36 та мурожаатнинг ечими бўйича аниқ муддатлар белгиланди, қўшимча ўрганиш талаб этиладиган олтита мурожаат эса назоратга олинди.

– Айни пайтда Наманган шаҳридаги собиқ “Томск” савдо уйи ертўласида фаолиятимиз учун имконият етарли бўлмаган тор жойда импорт ўрнини босувчи қуёш панеллари инверторини ишлаб чиқармоқдамиз, – дейди “PCB Namangan center” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Азизбек Масаидов. – Шу боисдан ҳам учрашувда ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун ер майдони зарурлигини айтдик. Мурожаатни вилоятимиз раҳбари иш манзилга келиб ҳам ўрганди. Менга кичик саноат зонасидан ер ажратиб берилиши айтилди. Ниятларим катта, иш фаолиятимни кенгайтириб иш ўрнини 100 тагача кўпайтирмоқчиман.

Давлатобод туманидаги “Фазман текстиль” масъулияти чекланган жамияти вилоятдаги йирик саноат корхоналаридан бири ҳисобланади. Жамият ўзига қарашли цехларда ишга қабул қилинадиган ходимларни даставвал касбга қайта ўқитади. Ҳозирга қадар 300 дан зиёд ўғил-қизлар касбга йўналтирилди. Корхона таъсисчиси Неъматжон Фатҳиддиновнинг субсидия ажратиш билан боғлиқ мурожаати вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси томонидан ижобий ҳал этиладиган бўлди.
Таъкидлаш жоизки, вилоят ҳокимининг “Тадбиркорлар кенгаши” аъзолари ҳамда хорижий ва маҳаллий инвесторлар билан учрашувида ўрганилган муаммолар ҳал этилиши натижасида вилоятда келгусида икки мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.