«Туркистон» ва “HI-TECH BANK” хусусий акциядорлик тижорат банки омонатчиларининг маблағларини қайтариш Қишлоқ қурилиш банки орқали амалга оширилади.
Марказий банкда «Пул-кредит сиёсатининг 2023 йил ва 2024-2025 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишларининг дастлабки концептуал лойиҳаси» ҳамда асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича Бошқарув йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда асосий ставкани йиллик 15 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шунингдек йиғилишда «Пул-кредит сиёсатининг 2023-2024-2025 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишларининг дастлабки концептуал лойиҳаси» ҳам кўриб чиқилиб, маъқулланди.
Матбуот анжуманида қайд этилишича, ташқи ва ички омилларнинг турли хил кўламдаги таъсирлари сентябрь ойида йиллик инфляцияни 12,2 фоизга тенг бўлишига сабаб бўлди. Жорий йилда инфляция даражаси 12-12,5 фоиз атрофида шаклланган. Прогнозга кўра, 2023 йил учун эса базавий сценарий доирасида 8,5-9,5 фоизгача шаклланади. Мавжуд инфляцион жараёнлар, пул-кредит шароитлари, импорт инфляцияси таъсирининг сақланиб қолаётганлиги ва юқори ноаниқликлар шароитида йил якуни бўйича инфляция даражаси 12-12,5 фоиз атрофида шаклланиши ҳамда 2023 йил учун эса базавий сценарий доирасида 8,5-9,5 фоизгача пасайиши прогноз қилинмоқда. Базавий сценарий доирасида 2023 йил учун иқтисодий ўсиш суръатлари жорий йилидан бироз секинлашиб, 4,5-5 фоизни ташкил этиши прогноз қилинмоқда
Инфляцион жараёнларни жиловлаш мақсадида дунёнинг аксарият марказий банклари томонидан пул-кредит шароитларини қатъийлаштириш ва мос равишда молиявий ресурслар нархи қимматлашиб бориши кузатилмоқда. Хусусан, АҚШ Федерал захира банки томонидан пул-кредит шароитларининг қатъийлаштирилиши ҳисобига дунёнинг аксарият валюталари АҚШ долларига нисбатан қадрсизланиб бормоқда. Доллар индекси йил бошига нисбатан 17 фоизга ошиб 112 бандни ташкил этмоқда.
Бу эса истеъмолда импорт улуши юқори бўлган ва инфляцион кутилмалари валюта курсига таъсирчан давлатларда инфляцион жараёнларнинг янада тезлашишига олиб келмоқда.
Ташқи вазият ва савдо ҳамкорлардаги ўзгаришларга ташқи иқтисодий муносабатларнинг мослашиб бориши ҳисобига мамлакатимизга валюта оқимлари ҳажмида ижобий тенденциялар кузатилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган 9 ойида олтинсиз экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 23,6 фоизга ортиб, 11,1 млрд. долларни, мамлакатимизга пул ўтказмалари ҳажми 2,2 баробарга ортиб, 12,6 млрд. долларни, аҳолининг банклардан валюта хариди ва сотуви ўртасидаги ижобий тафовут – 2,5 млрд. долларни ташкил этди.
Пул бозоридаги вазият ва шаклланаётган фоиз ставкалари пул-кредит шароитларидаги ўзгаришларга нисбатан мослашиб бормоқда. Сентябрь ойида “UZONIA” ставкаси ҳам ой давомида 14-14,5 фоиз доирасида шаклланган бўлса, давлат қимматли қоғозлари бўйича даромадлилик муддатига қараб 16-18 фоиз атрофида бўлди. Депозит фоиз ставкаларининг реал ҳисобда ижобий шаклланаётганлиги аҳолининг миллий валютада жамғариш фаоллигининг ортишига хизмат қилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида аҳолининг миллий валютадаги муддатли депозитлари 1,5 баробарга ошди.
— Хориждан нақд валюта олиб келишда «пул ўтказмалари 2,2 баробарга ўсгани меҳнат мигрантларининг ўтказмаларига боғлиқ эканига ишонтиришимиз керак, — дейди Марказий банк бошқаруви раиси Мамаризо Нурмуродов. — Ўтказмаларнинг 60 фоиз ҳажми 10 минг доллардан ортиқ қиймат ҳиссасига тўғри келади. Бу ўтказмалар товар ва тижорий характерига эга.
Матбуот анжуманида қайд этилишича, «Туркистон» ва “HI-TECH BANK” хусусий акциядорлик тижорат банклари омонатчиларининг маблағлари қонун бўйича белгиланган 2 ой муддатда 100 фоиз қайтарилиши қайд этилди. Маблағларни қайтариш Қишлоқ қурилиш банки орқали амалга оширилиши маълум қилинди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА