Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Божхона қўмитаси ходимлари билан ҳамкорликда бир нечта тезкор тадбирлар ўтказилди.
Жумладан, пойтахтимизнинг Олмазор туманида яшовчи шахс муқаддам наркокуръерлар томонидан Тошкент вилоятининг Тошкент туманидаги хуфиёна жойга қолдириб кетилган 3 килограмм 906 грамм “Мефедрон” синтетик гиёҳвандлик воситасини қабул қилиб олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида, у ушбу ажал оғусини Олмазор туманида истиқомат қилувчи аёлнинг кўрсатмасига асосан олганлигини маълум қилди ва тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур аёл томонидан ижарага олинган хонадон кўздан кечирилди.
Натижада ушбу манзилда наркотик моддаларни кичик бўлакларга бўлиб, интернет орқали сотувга чиқариш учун шароит яратилгани аниқланди.
Шунингдек, ушбу ноқонуний ишга – аёлнинг опаси ҳам алоқадорлиги аниқланиб, у ҳам қўлга олинди.
Бошқа ҳолатда эса Тошкент вилоятининг Қибрай туманида яшовчи 2 нафар фуқаро муқаддам наркокуръерлар томонидан Тошкент тумани ҳудудидаги хуфиёна жойга яшириб кетилган 927 грамм “Метамфетамин” синтетик гиёҳвандлик воситасини олган вақтларида ушланди.
Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида ўтказилган тезкор тадбирда Олмазор туманида ижарада яшовчи икки нафар фуқаро учинчи шахслар томонидан яшириб кетилган 857 грамм “Альфа-ПВП” синтетик гиёҳвандлик воситасини олган вақтларида ушланди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ЎзА