Навоий шаҳридаги “Tinchlik Plaza” меҳмонхонасида “Хориждаги ватандошлар оилалари – доимий эътиборда” шиори остида хорижда меҳнат қилаётган фуқароларнинг фарзандлари учун кўнгилочар тадбир ташкил этилди.
100 нафар хорижда вақтинчалик фаолият юритаётган фуқаролар фарзандлари ҳамда уларни кузатиб келган ота-она ва яқин қариндошлар иштирок этган тадбир аввалида сўзга чиққанлар томонидан юртимизда хорижда меҳнат қилаётган ватандошларимиз ва уларнинг оилаларига кўрсатилаётган доимий ғамхўрлик алоҳида эътироф этилди.

Байрамона муҳитни яратиш, тадбир иштирокчиларини кутиб олиш мақсадида Мудофаа бошқармасининг ҳарбий оркестри жалб этилиб, маданият ва санъат ходимлари, шунингдек, эртак қаҳрамонлари иштирокида болажонлар учун куй-қўшиқлар ижро этилиб, байрам томошалари ва қизиқарли танловлар ташкил этилди.

Шунингдек, тадбир давомида иштирокчиларга “Миграция агентлиги – 2025 йил сарҳисоби” рукнида тайёрланган “Бир йил – минглаб тақдирлар” номли видеоролик намойиш этилди.
– Дадам 3 йилдан бери хорижий давлатда меҳнат қилади, – дейди тадбир иштирокчи Шерхон Шахбозов. – Бугун телефон орқали дадамга ҳам жараёнларни кўрсатиб турдим. Бизга кўрсатилаётган эътибордан дадам ҳам жуда хурсанд бўлди. Тадбир давомида турли хил ўйинлар ўйнадик. Айниқса, совғалар барчамизга ёқди. Бизга берилаётган эътибор ва ғамхўрликдан мамнунмиз.

Тадбир якунида ҳар бир болажонга янги йил совғалари ҳамда ўқув қуроллари жамланмаси топширилди.
А.Бўриев, ЎзА