“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳасида хавфсизлик ва ташқи сиёсат, сув ресурсларини оқилона бошқариш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган ислоҳотларни амалга ошириш белгиланган.
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлисида лойиҳада кўзда тутилаётган шу каби йўналишлар муҳокама қилиниши билан бирга, уни янада такомиллаштириш хусусида фикр юритилди.
Сенаторлар қўмитанинг мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, дастур лойиҳасида ташқи сиёсат, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва туризмни ривожлантириш билан боғлиқ вазифаларни атрофлича таҳлил қилди.
Жумладан, жорий йилда ташқи ва ички туризмни ривожлантириш учун шарт-шароит яратиш, тўртта йирик туризм кластерини шакллантириш орқали хорижий сайёҳларнинг умумий сонини 10,5 миллионга етказиш бўйича кенг кўламли вазифаларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, Давлат дастурида ташқи иқтисодий ва инвестиция фаолиятининг қонунчилик базасини янада такомиллаштириш, умумий қиймати 18 миллиард долларлик 309 инвестиция лойиҳасини ишга тушириш кўзда тутилган.
Хориждаги Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтиришга, жумладан, консуллик хизматлари кўрсатишни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Муҳокама чоғида сенаторлар ва маҳаллий вакиллик органлари депутатлари Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишда тегишли вазирлик ва идоралар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр экани алоҳида таъкидланди.
Муҳокама якунлари бўйича Давлат дастури лойиҳаси бўйича қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Н.Абдураимова, ЎзА