Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси ҳамда Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди. Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман)нинг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.
Йиғилишни кириш сўзи очган Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Парламент комиссияси раиси А.Саидов ўз сўзида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмини янада такомиллаштириш, бу йўналишда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, инсон ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлаш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди.
— 2023 йилда Омбудсман номига 18 минг 622 та мурожаат келиб тушган, — деди Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) Ф.Эшматова. — Фуқаролар мурожаатлари асосида уларнинг манфаатларига 1847,2 миллион сўмлик маблағ ундирилган. Омбудсман котибияти ходимлари эса фуқароларнинг мурожаатлари ва сўровлари асосида суд мажлисларида 249 маротаба кузатувчи сифатида иштирок этган. Шунингдек, қийноққа солиш, шафқатсиз, ғайриинсоний ва қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турлари қўлланилишининг олдини олиш мақсадида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 603 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Мазкур муассасалардаги шахсларга руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилгани тўғрисидаги шикоятлар, шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган хабарлар ҳам назоратга олиниб, мунтазам равишда ўрганиб борилди. Масалан, ижтимоий тармоқларда тарқалган 15 та шу каби хабарлар ўрганилиб, Омбудсманнинг 17 та муносабати билдирилган бўлса, ушбу масала бўйича мутасадди вазирлик ва идораларга 4 та тақдимнома ва 10 та талабнома киритилган.
Муҳокамалар давомида депутатлар 2023 йилда Омбудсман томонидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш борасида амалга оширилган ишларини, шу билан бирга, қийноқ ҳолатларининг олдини олиш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича мониторинг ва ҳуқуқий таҳлил ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича фаолиятларини ижобий баҳолади.
Шунингдек, халқ вакиллари чет эллардаги мигрантларимиз, жумладан, Россия Федерациясида меҳнат фаолиятини олиб бораётган фуқароларимизнинг ҳуқуқларини ва ижтимоий кафолатларини таъминлаш, зарур ҳолларда уларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича Ўзбекистон ва Россия Омбудсманлари ўртасида ҳамкорлик қай даражада йўлга қўйилгани билан қизиқдилар.
Бунга жавобан Феруза Эшматова 2023 йилда Россияга ташриф бюриб, у ерда яшайдиган юртдошларимиз билан учрашгани, уларнинг яшаш шароитлари ва муаммоларини ўрганганини билдирди. Икки давлат ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилиб, мурожаатларни биргаликда кўриб чиқиш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётганини маълум қилди.
Эшитувда Омбудсман фаолиятини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликларини таъминлаш соҳасида ННТ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликни кучайтириш бўйича қатор таклифлар берилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА