English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хориждаги фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи қандай таъминланади?
07:52 / 2021-09-29

Инсон зоти қаерда бўлмасин, табиатан ўз ошёнига – уйига, она Ватанига, ота-онасию бола-чақаси, оиласи бағрига интилади, юрти ҳақида қайғуради.

Ватандан олисда бўлса, бир кўнгли юртида, оиласида бўлади. Бугун тақдир тақозоси билан ёхуд вақтинчалик иш-юмуш билан хорижий давлатларда истиқомат қилаётган ватандошларимиз кўпчиликни ташкил этади. Улар қаерда бўлишидан қатъий назар, Ўзбекистон фуқаролари, биз сингари ҳақ-ҳуқуқларга эга, ўз навбатида, юрт учун бурчи ва масъулияти ҳам бор.

Маълумки, юртимизда Ўзбекистон Президенти сайловига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда, номзодларнинг тарғибот-ташвиқот ишлари жадал олиб борилмоқда. Шу билан бирга, сайловчиларнинг сайлов жараёнидаги иштирокини таъминлаш борасидаги тайёргарликлар ҳам ўз ўрнида ташкил этилаяпти. Бунда нафақат юртимиздаги фуқаролар, балки хориждаги Ўзбекистон фуқароларининг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш масалалари ҳам доимий эътиборда бўлиб турибди.  

Хўш, хориждаги ватандошларимиз ушбу муҳим сиёсий тадбирда иштирок этиши, ўз сайлов ҳуқуқидан фойдаланиши учун нима қилиши керак? Уларнинг овоз бериш жараёни қандай ташкил этилади ва бу борада қанақа чора-тадбирлар кўрилмоқда?

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 561-моддасида сайловчининг чет давлатда турган жойида овоз бериш тартиб-қоидалари мустаҳкамлаб қўйилган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига ва чет давлатларнинг ваколатли давлат ҳокимияти органлари билан келишувларга мувофиқ чет давлатларнинг аҳоли зич жойлашган ҳудудларда муддатидан олдин овоз бериш сайловчининг турган жойида ўтказилиши мумкин. Ўзбекистон Республикасининг чет давлатдаги дипломатик ва бошқа ваколатхонаси ҳузурида тузилган участка сайлов комиссияси сайловчиларнинг турган жойида овоз бериш вақти ҳамда жойи тўғрисида қарор қабул қилади ва бу ҳақда сайловчиларни, кузатувчиларни оммавий ахборот воситалари орқали хабардор этади.

Сайловчиларнинг турган жойида овоз бериши Ўзбекистон Республикасининг чет давлатдаги дипломатик ва бошқа ваколатхонаси ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида ўтказилади. Овоз бериш участка сайлов комиссияси жойлашган давлатнинг маҳаллий вақти билан 8:00 дан 20:00 гача давом этади. Овоз бериш тугаганидан кейин участка сайлов комиссияси аъзолари кўчма овоз бериш қутисини очади, унинг ичидаги сайлов бюллетенларини санамасдан махсус қопга жойлайди, қопни сурғучлайди ва бу ҳақда далолатнома тузади.

Қонунчилигимизга кўра, чет давлатларда турган фуқаролар сайловдан камида 15 кун олдин Ўзбекистоннинг дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссияларига ёзма тарзда ариза бериши керак. Шунингдек, Ташқи ишлар вазирлигининг saylov.mfa.uz сайти орқали электрон мурожаат қилиши ҳам мумкин.

Айни кунларда Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги ваколатхона ва консулхоналари томонидан мамлакатимиз фуқароларининг сайловга оид ҳуқуқларини тўла таъминлаш учун зарур чоралар кўрилмоқда. Ватандошлар билан учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилиб, уларга Ўзбекистон Президенти сайловига тайёргарлик кўриш борасидаги саъй-ҳаракатлар, овоз бериш жараёни ҳақида ахборот ва маълумотлар берилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Дубай шаҳридаги Бош консулхонасида Президент сайловини юқори даражада ташкил этиш ва уни ўтказишга йўналтирилган фаолият доирасида ташкил этилган давра суҳбатида Ўзбекистон Президенти сайловига тайёргарлик кўриш, ушбу мамлакатда бўлиб турган мамлакатимиз фуқароларининг сайловда фаол иштирок этишини ҳамда овоз бериш жараёни ҳозирги пандемия шароитида сайловчиларнинг саломатлиги ва хавфсизлиги таъминланган ҳолда ўтишини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Шунингдек, фуқаролар миллий сайлов қонунчилигимизга киритилган ўзгартишлар, сайловни ўтказиш ва овоз бериш тартиб-қоидалари билан батафсил таништирилди. Давра суҳбати иштирокчиларига Марказий сайлов комиссиясининг қарорига биноан, Ўзбекистоннинг Дубай шаҳридаги Бош консулхонаси ҳузурида сайлов участкаси ташкил этилгани маълум қилинди.

Ўзбекистон Президенти сайловига бошқа мамлакатларда ҳам тайёргарлик жараёнлари қизғин кетмоқда. Марказий сайлов комиссиясининг қарорига мувофиқ, 14-Тошкент шаҳар сайлов округига бириктирилган Ўзбекистоннинг Брюссель шаҳридаги элчихонаси ҳузурида сайлов участкаси ташкил этилган. Мазкур сайлов участкаси ҳудудига Бельгия, Дания, Люксембург ва Нидерландия мамлакатлари киритилган.

Маълумотларга кўра, баъзи бир сабаблар билан 24 октябрь куни Брюссель шаҳрида тузилган сайлов участкасига келиш имконияти бўлмаган фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқини таъминлаш мақсадида улар зич яшайдиган ва қулай бўлган ҳудудларда ҳам муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш режалаштирилган. Хусусан, 17 октябрь куни Нидерландиянинг Утрехт шаҳрида кўчма сайлов участкаси ташкил этилади.

Айни пайтда Хитойда бўлган ўзбекистонлик сайловчилар мамлакатимизнинг Пекиндаги элчихонаси, шунингдек, Шанхай ва Гуанчжоу шаҳарларидаги Бош консулхоналарда ўз конституциявий ҳуқуқидан фойдаланади. Ўзбекистоннинг Хитойдаги дипломатия ва консуллик ваколатхоналари томонидан ватандошларнинг бўлажак сайловда фаол иштирокини таъминлаш учун барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ваколатхона ҳузурида тузилган 14 - Тошкент сайлов округига қарашли 48 - сайлов участкасида сайловга тайёргарлик кўриш, овоз бериш жараёнларини ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.  

Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси ҳузурида ташкил этилган 21-сайлов участкасида ҳам ишлар қизғин. Қозоғистондаги ватандошларимизнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш бўйича консуллик вакиллари томонидан давра суҳбатлари ташкил этилиб, тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, бундай учрашувларда ватандошларимиз мамлакатимизда Президент сайловига қизғин ҳозирлик кўрилаётгани, сиёсий партиялардан кўрсатилган беш нафар номзод айни кунларда ҳудудларда тарғибот ишларини олиб бораётгани, уларнинг сайловолди дастурларида илгари сурилаётган асосий йўналишлар билан таништириляпти.  

Бир сўз билан айтганда, хориждаги ватандошларимизнинг ҳам сайлов ҳуқуқларини тўла таъминлаш, ушбу муҳим тадбирда ўз сиёсий иродасини ифода этишлари учун шарт-шароит яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Албатта, бу йўналишдаги чора-тадбирлар сайлов қонунчилигимизда белгиланган тартиб-қоидалар асосида ташкил этилаяпти.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА