Марказий сайлов комиссиясида Халқаро миграция ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди. Унда икки ташкилот ўртасидаги ҳамкорлик масалалари, хусусан, меҳнат, ўқиш, даволаниш ва бошқа сабабларга кўра хорижий давлатларда бўлган, истиқомат қилаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг овоз бериш ҳуқуқларини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда сайловлар ва референдум даврида Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида ҳам участка комиссиялари тузилаётгани, хорижда бўлган ватандошларимизнинг сайловлар ва референдумга оид хабардорлигини ошириш, уларни овоз берувчилар рўйхатига киритиш ва рўйхат билан таништириш, овоз бериш жойи ва вақти ҳақида хабардор қилиш борасидаги кенг кўламли ишлар ташкил этилаётгани қайд этилди.
Марказий сайлов комиссияси раиси З.Низомходжаев сайловлар ва референдум жараёнларида Халқаро миграция ташкилоти билан ҳамкорликни кучайтириш хориждаги Ўзбекистон фуқароларининг сайловлар ва референдумдаги иштирокини кенгайтиришда, уларнинг овоз бериш ҳуқуқларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Учрашувда Халқаро миграция ташкилотининг Марказий Осиё бўйича субминтақавий координатори, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Ўзбекистондаги миссияси раҳбари Зейнал Гаджиев Марказий сайлов комиссия билан ҳамкорлик алоқаларни ривожлантиришга ва амалий ёрдам кўрсатишга тайёр эканлигини билдирди.
ЎзА