Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида “Халқаро олий таълим – сўнгги қўнғироқ-2021” халқаро таълим кўргазмаси ўтказилди.
Кўргазма умумтаълим мактаблари битирувчиларига ўзларини қизиқтирган касбларни танлаш, хорижда таълим олиш бўйича мавжуд имкониятлар ҳақида батафсил маълумот бериш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ўтказилаётган “Таълим марофони” доирасида “MY FAIR” масъулияти чекланган жамияти ва қатор ҳамкор ташкилотлар кўмагида ташкил этилди.
Олий таълим остонасида турган абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари иштирок этган кўргазмада хорижий давлатларнинг 20 дан ортиқ нуфузли олий ўқув юртлари ҳамда мамлакатимизда фаолият юритаётган чет мамлакатлар олий таълим муассасаларининг филиаллари таълим дастурлари, абитуриентлар учун яратилган шароитлар, имкониятлари ҳақидаги кўргазмалари билан иштирок этишди.
- Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти 2007 йилда фаолият бошлаган бўлса, бугунги кунда институтни битирган 4000 мингдан ортиқ битирувчи нуфузли хорижий ва маҳаллий ташкилотларда фаолият олиб боришмоқда, — дейди институтнинг маркетинг бўлими мутахассиси Жасуржон Салимов.
[gallery-2427]
– Институтимиз Буюк Британиянинг учта – Бангор, Сандерленд ва Тиссайд университетлари билан ҳамкорликда фаолият юритади. Шу боис, ўқитиш тизими ҳам Буюк Британия таълим дастурлари асосида ташкил этилган. Демак, институтимизда таълим олиш Европада таълим олиш билан тенг. Таъкидлаш жоизки, институтимизда маҳаллий пофессор-ўқитувчилар билан бир қаторда Сингапур, Буюк Британия, АҚШ, Испания ва Филиппиннинг нуфузли олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари жалб этилган. Кўргазма давомида битирувчиларга институтимизда таълим олиш шартлари, имкониятлари ҳақида батафсил тушунча беришга ҳаракат қилдик.
Замон талабига мос мутахассис бўлиш учун хорижий тажриба муҳим аҳамиятга эга. Етук мутахассис албатта, соҳадаги илғор тажрибаларда хабардор бўлиши зарур. Бугун ёшлар учун таълимни ҳам, тажрибани ҳам хорижда эгаллаш имконияти яратилмоқда. Фақат интилиш ва хоҳиш бўлса кифоя.
- Айни пайтда тиббиёт йўналишида олий таълим муассасасига кириш учун тайёргарлик кўраяпман, дейди Самарқанд шаҳридаги 7-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Самандар Собиров. – Бу кўргазма ҳақида эшитиб, хорижий таълим даргоҳларидаги шароит ва имкониятлар билан танишиш мақсадида келдим. Иркутск давлат тиббиёт университети ва яна бир қатор олий таълим муассасалари фаолияти билан яқиндан танишдим. Соҳа бўйича етарли тушунчага эга бўлгач, хорижга чиқиш анча самарали бўлишини тушундим. Дастлаб, юртимиз тиббиёт олийгоҳларида таълим олишни мақсад қилдим. Келгусида танлаган соҳам бўйича, албатта, хорижда таълим олиб, тажриба тўплайман. Мақсадим келажакда малакали шифокор бўлиб етишиб, Самарқанд тиббиёти ривожига ўзимнинг муносиб ҳиссамни қўшишни мақсад қилганман.
Кўргазма давомида хорижда ўқиш истагини билдирган абитуриентларга чет элда ўқиш шартлари, тил ва тайёрлов курслари бўйича батафсил маълумот берилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА