French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хорижда таълим олаётган ёшларнинг таклифлари тингланди
21:04 / 2024-07-14

Қашқадарё вилоят ҳокими Муротжон Азимов хорижда таълим олаётган ва меҳнат қилаётган қашқадарёлик ёшлар билан онлайн ҳамда офлайн мулоқот қилди. Жараёнда 150 нафарга яқин ёш иштирок этди. Уларнинг таклиф ва мулоҳазалари тингланди.

– Бугунги учрашувимизда 20 дан ортиқ давлатларда таълим олаётган ва меҳнат қилаётган ёшларимиз ўзларининг таклифлари билан қатнашди, – дейди вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси раҳбари Улуғбек Султонов.  – Учрашувда 50 га яқин таклиф эшитилди. Албатта ушбу таклифлар асосида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар келгусида вилоятимиз ривожига ҳисса қўшиши билан аҳамиятлидир. Бу учрашув иккинчи маротаба ташкил этилмоқда. Биринчи учрашувда 200 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этганди. Улар томонидан билдирилган таклифлар амалиётга татбиқ этила бошлади. Биргина Жанубий Кореяда фаолиятини олиб бораётган Лобар Зоирова томонидан билдирилган ақлли иссиқхоналарни ташкил этиш таклифи ўзи фаолият олиб бораётган компания вакилларининг вилоятга ташрифи ва икки томонлама музокаралар олиб борилиб, келишувга эришилиши билан якунланди.  

Мулоқот жараёнида ёшлар томонидан туризм, иқтисодий-ижтимоий соҳалар, транспорт соҳасини рақамлаштириш, тиббиёт, чет элда янги иш ўринларига вилоятлик ёшларни таклиф этиш ва бунда уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш каби кўплаб таклифлар билдирилди.  

– Шу тадбирда иштирок этиш учун Беларусдан учиб келдим, – дейди Давлатбек Муҳиддинов. – Аэропортдан тушар эканман, такси хизматига эҳтиёж туғилди. Кўп вақт ушланиб қолдим. Хаёлимга келган биринчи фикр тармоқли такси хизматини онлайн йўлга қўйиш ҳақида ўйлаб қолдим ва бугунги учрашувда шу таклифимни билдирдим. Тўғри, ҳозир шаҳар марказида онлайн такси хизматлари бор экан, лекин жуда кам. Шаҳар ташқарисига эса йўқ. Шундай битта платформа ишлаб чиқиш керакки, бутун вилоятга, керак бўлса, бошқа вилоятларга ҳам хизмат қилсин. Афзаллик томони шундаки, бунда йўловчиларнинг вақти ва маблағи тежалади, ҳайдовчиларга эса янги иш ўринлари яратилади.  

Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда хориждаги қашқадарёлик ёшлар сони 17 минг 339 нафарни ташкил этади.  

Шундан, 1 минг 58 нафари ўқиш учун, 16 минг 85 нафари ишлаш учун, 13 нафари яшаш учун, 183 нафари даволаниш ва бошқа сабабларга кўра хорижга кетган ёшлар ҳисобланади.  

Миграциядаги ёшларнинг 4 минг 631 нафарини хориждан қайтарилиб бандлиги таъминланиши режалаштирилган.

[gallery-18272]

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 29 май кунига қадар бандлиги таъминланиши режалаштирилган хориждаги ёшлардан 1 минг 405 нафарининг бандлигини таъминлашга эришилди.  

Хорижда таълим олаётган ва меҳнат қилаётган ёшлар билан ўзаро ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши, уларнинг таклиф ва ғоялари тингланиши, амалиётга татбиқ этилиши биринчи навбатда ёшлар бандлигини таъминлашга, қолаверса, вилоят иқтисодининг янада ривожланишига хизмат қилади.  

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари