Оққўрғон туманида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг Тошкент вилояти филиали, хусусий бандлик агентликлари федерацияси ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида хорижда қонуний ва хавфсиз меҳнат фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган фуқаролар учун “Меҳнат ярмаркаси” ташкил этилди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад фуқароларни чет элда ишлаш жараёнлари, қонуний тартиб-таомиллар ва мавжуд имкониятлар тўғрисида ишончли манбалар орқали хабардор қилиш, ноқонуний меҳнат миграцияси ҳолатларининг олдини олишдан иборат бўлди.

Ярмаркада 20 дан ортиқ хусусий бандлик агентликлари иштирок этиб, иш қидириб келган фуқароларга хорижда мавжуд расмий иш ўринлари, меҳнат шартномаларини тузиш ва расмийлаштириш тартиби, талаб этиладиган ҳужжатлар ҳақида маълумот берди. Шу билан бирга, виза олиш жараёнлари ҳамда иш берувчи билан муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тўғри йўлга қўйиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, масъул мутахассислар томонидан фуқароларга чет элда меҳнат қилиш давомида ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари, хавфсизлик қоидалари, суғурта ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди. Айрим иштирокчиларга жойидаёқ дастлабки рўйхатга олиш ва маслаҳат хизматлари кўрсатилди.

Мазкур меҳнат ярмаркаси фуқароларга хорижда ишлаш бўйича ишончли ва расмий маълумотларни бевосита масъул ташкилотлардан олиш имконини яратди. Бу каби тадбирлар аҳолининг ҳуқуқий онги ва меҳнат миграцияси соҳасидаги хабардорлигини ошириш, шунингдек, хавфсиз ва қонуний меҳнат миграциясини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Худди шундай меҳнат ярмаркаси Нурафшон шаҳрида ҳам ўтказилди.
А. Мусаев, ЎзА