Чет элда ота-она қарамоғисиз қолган вояга етмаган болаларни Ватанга қайтариш бўйича тизимли ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ходимларидан иборат ишчи гуруҳнинг Россия Федерациясига амалга оширилган навбатдаги хизмат сафарида ҳам мазкур мамлакат ҳудудида ота-она қарамоғисиз қолган 6 нафар вояга етмаган бола Тошкент шаҳридаги Ислом Каримов номидаги халқаро аэропорт орқали Ватанга олиб келинди.
Улар вақтинча Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилиб, зарур ҳуқуқий, тиббий ва ижтимоий тартиб-таомиллар ўтказилди.
6 нафар боланинг барчаси белгиланган тартибда ота-оналари ҳамда яқин қариндошларига топширилди.
Жорий тизимли ёндашувга кўра вояга етмаганларнинг ижтимоий қўллаб-қувватланиши ва мослашув жараёнлари уларнинг кейинги яшаш манзиллари бўйича ҳам “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан давом эттирилади.
Шербек Исломов, ЎзА