Бугун Россия Федерацияси ҳудудида ота-она қарамоғисиз қолган вояга етмаган болаларни Ватанга қайтариш бўйича амалга оширилган хизмат сафари доирасида 14 нафар бола мамлакатимизга олиб келинди.
Мазкур жараён Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ходимларининг ўзаро ҳамкорлигида ташкил этилди.
Болалар Тошкент халқаро аэропорти орқали мамлакатимизга етиб келди. Улар белгиланган тартибда Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига вақтинча жойлаштирилди.
Зарур ҳужжатлаштириш ишлари ва тегишли тартиб-таомиллар якунланганидан сўнг, 13 нафар бола уларни кутиб олиш учун келган ота-оналарига топширилди. Қолган 1 нафар бола эса марказ ходимлари ҳамроҳлигида Андижон шаҳрига юборилиб, белгиланган тартибда онасига топширилади.
Вояга етмаган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий ҳамроҳлик қилиш ишлари уларнинг кейинги яшаш манзили бўйича “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан давом эттирилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА