Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хорижда ўқиш ва малака ошириш бўйича танлов ғолиблари тақдирланди
11:50 / 2021-05-22

“Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан математика, кимё, биология ва геология фанлари йўналишида магистратура ва докторантурада таҳсил олиш, стажировка ўташ ва малака ошириш дастурлари бўйича ўтказилган танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

“Янги Ўзбекистонни билимли, фидойи, ватанпарвар ёшлар билан бирга бунёд этамиз!» шиори остида ўтган тадбирда таниқли олимлар, академиклар, адабиёт ва санъат намояндалари ҳамда жамғарма томонидан ўтказилган стипендия танловларида ғолиб бўлган талабалар ва тадқиқотчилар иштирок этди.

Тадбирда “Ел-юрт умиди” жамғармаси танловининг 2021 йилги ғолибларига тегишли сертификатлар тантанали равишда топширилди.

Жорий йилнинг январь ойида эълон қилинган 250 ўрин учун танловларга 2 минг 957 нафар номзод ариза топшириб, уларнинг 115 нафари саралаш танловининг барча босқичларидан муваффақиятли ўтди. Танлов натижаларига кўра, кимё фанидан 38 нафар, геология фанидан 33 нафар, математика фанидан 24, биология фанидан 20 нафар номзод ғолиб, деб топилди.

Қайд этиш лозим, жараёнларнинг ҳар томонлама шаффоф ва ошкора ўтишини таъминлаш мақсадида вазирлик, идора ва ташкилотлар, жумладан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълим вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Фанлар академияси, шунингдек, мамлакатимизда жойлашган халқаро университетлар, қолаверса, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг Халқаро экспертлар кенгаши аъзолари жалб этилди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан ташкил этиладиган стипендия танловларида иштирок этувчи номзодларнинг Ватанимиз тарихи, буюк аждодларимиз мероси, маънавий билимлари даражасини аниқлаш бўйича суҳбат дастурини ишлаб чиқди.

Мазкур суҳбат дастурида “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” ғояси асосида Ўзбекистон тараққиётнинг янги даврига қадам қўйгани, амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий ислоҳотлар, мамлакатимизнинг халқаро миқёсда олиб бораётган тинчликсевар сиёсати, демократик ислоҳотлар, барча соҳалардаги янгиланишлар, муҳим устувор вазифаларнинг мазмун-моҳияти акс этган.

Эслатиб ўтамиз, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳар йили илм-фаннинг бир нечта йўналишига устувор аҳамият қаратилиб, уларни жадал ривожлантириш, жумладан, “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан илк маротаба бакалавриатга 100 ўрин, магистратура ва докторантурага эса олдинги йилларга нисбатан 5 баробар кўп ўрин ажратилиши таъкидланган эди.

Файзулло Яҳёев, ЎзА