Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида ўтказилган семинарда “Эл-юрт умиди” жамғармаси очиқ стипендия танловлари тартиби ҳақида батафсил маълумот берилди.
Андижон вилояти ҳокимлиги, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда туман, шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари, олий таълим муассасалари проректорлари, иқтидорли талабалар, тегишли ташкилот вакиллари, шунингдек, ZOOM платформаси орқали умумтаълим мактаблари, академик лицейлар битирувчилари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ёшлар етакчилари ҳамда хорижда таълим олаётган ёшлар иштирок этди.
– Мазкур амалий-услубий семинардан кўзланган мақсад, ҳудудлардан иқтидорли ва истиқболли ёш мутахассисларни излаб топиш ва уларга кўмаклашиш, – дейди “Эл-юрт умиди” жамғармаси бошқарма бошлиғи Исмоилхон Турсунқулов. – Қолаверса, ана шу ёшларни “Эл-юрт умиди” жамғармасининг таълим дастурлари асосида хориждаги нуфузли таълим ва илмий муассасаларда таълим олишини ташкил этиш, профессионал даражада мутахассис бўлиб етишишига ёрдам бериш ва замонавий фикрлайдиган, илғор янги авлод кадрларини шакллантириш ҳамда давлат хизматига жалб этиш кўзда тутилган.
Семинарда жамғарма ҳамда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Андижон вилояти филиали мутасадди ва мутахассислари томонидан Президентимизнинг 2021 йил 11 февралдаги “Давлат хизматчилари ва мутахассисларни хорижда тайёрлаш ҳамда уларнинг салоҳиятини янада ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталиб ўтилди. “Эл-юрт умиди” жамғармасининг фаолияти, очиқ стипендия танловлари тартиби билан боғлиқ янгиликлар, стипендия танловларининг талаблари, ёшларга ажратилаётган хорижий грантлар хусусида иштирокчиларга кенг тушунча ва маълумот берилди.
Очиқ-ошкора, эркин мулоқот тарзида ўтган семинарда иштирокчилар томонидан мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди, қатнашчилар, айниқса, ёшлар ўзларини қизиқтирган барча саволларига тўлақонли жавоблар олди. Семинарда мавзуга оид кўргазмалар ташкил этилди.
[gallery-6852]
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов ЎзА