Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманида яшовчи фуқаро Болалар омбудсманига мурожаат қилиб, хорижда ота-онасиз қолган набираси тақдирига эътибор қаратишни сўради.
Мурожаатда қайд этилишича, қизи 2010 йилда фарзанд кўрган, кейинчалик Қозоғистон фуқаросига турмушга чиққан. Набираси Беруний туманида туғилган ва Ўзбекистон фуқароси сифатида рўйхатдан ўтган бўлса-да, онаси томонидан Қозоғистонда ҳам туғилганлик ҳақида гувоҳнома расмийлаштирилган.
2024 йил август ойида онаси йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этгандан сўнг вояга етмаган қизча Қозоғистонда ота-онасиз, васийсиз ҳолатда қолган.
Мазкур мурожаат Болалар омбудсмани томонидан назоратга олингач, Ички ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги Бош консуллиги билан ҳамкорликда ҳолатни ўрганиш ва ҳуқуқий чоралар кўриш бўйича тегишли ишлар олиб борилган.
Тезкор ҳаракатлар натижасида, қизалоқнинг ҳужжатлари расмийлаштирилиб, уни Ўзбекистонга қайтариш чоралари амалга оширилган.
Жорий йил 12 май куни вояга етмаган қизча холаси ҳамроҳлигида Ўзбекистонга олиб келиниб, бувисининг қарамоғига топширилган. Ҳозирда қизчага нисбатан расмий васийликни белгилаш бўйича ҳуқуқий жараёнлар олиб борилмоқда.
Ушбу ҳолатда таъкидлаш жоиз, Болалар омбудсмани, Ички ишлар вазирлиги ва консулликлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик занжирининг мустаҳкам ўрнатилганлигини кўриш мумкин ва бу механизмнинг тезкор ва фаол ишлаётгани таҳсинга сазовор, албатта.
М.Эшмирзаева, ЎзА