Боёвут туманидаги 13-умумтаълим мактабида фаолият юритаётган она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Дилором Бердимуратова ўз меҳнати, билим ва ижодий салоҳияти билан республика миқёсида юксак натижага эришди.
У яқинда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Халқаро Нордик университети ҳамкорлигида ташкил этилган Эркин Воҳидов номидаги “Э ВОҲ” ўзбек тили ва адабиёти фанидан ўтказилган Республика олимпиадасида фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди.

Бу нуфузли беллашувда мамлакат бўйлаб 10 мингдан зиёд ўқитувчи иштирок этди. Улар орасидан сараланган 79 нафар педагог финал босқичига йўлланма олди. Улардан бири — Боёвутлик ўқитувчи Дилором Бердимуратова ўз билим ва тажрибасини намоён этиб, юксак натижа қайд этди.
Дилором Бердимуратованинг бу ютуғи нафақат шахсий муваффақият, балки Сирдарё вилояти ўқитувчилари учун ҳам эсда қоларли, қувончли воқеа бўлди. Олимпиададаги юқори ўрин унга Финландия ва Швеция давлатларида малака ошириш имкониятини ҳам берди. Бу эса педагогнинг халқаро тажриба асосида ўз фаолиятини янада такомиллаштиришига, замонавий таълим усулларини ўқув жараёнига жорий этишини таъминлайди.
– Энг муҳими, бу натижа бизнинг мактаб жамоаси учун катта илҳом манбаи бўлди. Замонавий таълимга интилиш, доимий изланиш ва фидойилик ҳар бир устоз учун муҳим эканини яна бир бор ҳис этдим, – дейди Дилором Бердимуратова.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири