Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хорижда ишлаётганларга пенсия қандай тайинланади?
14:53 / 2020-12-24

«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, давлат пенсиялари иш стажига эга бўлган фуқароларга қонунчиликда белгиланган тартибда тайинланади.

«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахсларнинг айрим тоифалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов тўлаш тартибини, шунингдек улар томонидан Пенсия жамғармасига тўланган ягона ижтимоий тўловини, пенсияни ҳисоблаш учун олинадиган иш стажини ва иш ҳақи миқдорини ҳисобга олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 22 февралдаги 46-сон қарори билан тасдиқланган Низом билан тартибга солинади.

Низомга мувофиқ, чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс бошқа давлатда ишлаган ҳар бир ойи учун Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўловни ихтиёрий равишда тўлайди.

Чет элда бўлиш даври меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар, паспортдаги Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини кесиб ўтганлиги тўғрисидаги ёзувлар (муҳрлар, штамплар ёки белгилар) ҳамда Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг кўрсатиб ўтилган шахснинг бошқа давлатда бўлган вақти ва консуллик ҳисобига қўйилганлиги маълумоти кўрсатилган тегишли ҳужжатлар асосида тасдиқланади.

Чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс пенсия билан таъминланиш миқдоридан келиб чиқиб Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов миқдорини мустақил равишда, бироқ йилига Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов тўлаш санасида қонун ҳужжатларида белгиланган пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг тўрт ярим баробари миқдорда белгилаши мумкин. Бугунги кунда чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс томонидан бир йил учун тўланадиган ижтимоий тўловнинг энг кам миқдори 2020 йил 1 декабрь ҳолатига 1 181 115 сўмни ташкил этади.

Чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс томонидан ягона ижтимоий тўлов тўлаш қуйидаги тартибда амалга оширилиши мумкин:

ҳар ойда ёки ҳар чоракда;

бир йўла — Ўзбекистон Республикасига келган кунидан бошлаб уч йил мобайнида.

Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов нақд пульсиз ҳисоб-китоб бўйича тўланган тақдирда ягона ижтимоий тўлов тўланганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжатида кўрсатилган сана ягона ижтимоий тўлов тўланган кун ҳисобланади. Тўлов ҳужжатида фамилияси, исми, отасининг исми, СТИР ва тўлов амалга оширилаётган давр албатта кўрсатилиши шарт. Агар тўлов ҳужжатида давр кўрсатилмаган бўлса, тўлов у амалга оширилаётган ой учун тўланган деб ҳисобланади.

Миллий валютадаги ягона ижтимоий тўлов чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс доимий яшаш жойи бўйича давлат солиқ хизмати органларига хизмат кўрсатаётган банкларда очилган Пенсия жамғармасининг тегишли даромад транзит ҳисоб рақамларига унинг томонидан мустақил равишда, оила аъзолари ёки ишончли вакил томонидан тўланади.

Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаш хорижий валютада (бошқа давлат ҳудудидан) Пенсия жамғармасининг махсус валюта ҳисоб рақамларига амалга оширилиши мумкин ва тўлов санасига Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган курс бўйича миллий валютага қайта ҳисоблаб чиқилади.

Чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов тўлашни тўхтатиб турганда, пенсия тайинлаш учун олинадиган иш стажи ҳисоби Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов тўланган сўнгги санадан бошлаб тўхтатиб турилади.

Пенсия жамғармасига тўланган ягона ижтимоий тўлов миқдори ягона ижтимоий тўловнинг белгиланган миқдоридан кам бўлган тақдирда, пенсия тайинлаш учун олинадиган тегишли давр учун иш стажи зарур маблағларни қўшимча равишда киритиш шарти билан ҳисобга олинади.

Чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс Пенсия жамғармасига тўланган ягона ижтимоий тўлов ҳисоби унинг доимий яшаш жойи бўйича давлат солиқ хизмати органида юритилади.

Чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахслар иш стажига улар фаолият юритган ва Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов тўлаган даврлари киритилади.

Пенсия миқдорини ҳисоблаб чиқишда ҳисобга олинадиган аниқ бир ой (йил) учун чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахснинг даромади Пенсия жамғармасига тўланган ойлик (йиллик):

2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун - суғурта бадаллари суммасини Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаш даврида амалда бўлган ягона ижтимоий тўлов (микрофирмалар ва кичик корхоналар, шунингдек, фермер хўжаликлари учун) ва фуқароларнинг суғурта бадалларининг умумий ставкасига;

2019 йил 1 январдан кейинги давр учун - ягона ижтимоий тўлов суммасини Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўловни тўлаш даврида амалда бўлган ягона ижтимоий тўлов (микрофирмалар ва кичик корхоналар, шунингдек, фермер хўжаликлари учун) ставкасига бўлиш ҳамда олинган натижани 100 га кўпайтириш йўли билан аниқланади.

Наманган вилояти бўйича 2020 йил 1 декабрь ҳолатига чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахслардан 38 нафари Пенсия жамғармасига ижтимоий тўлов тўлаган ва шулардан 9 нафарига пенсия тайинланган.

Пенсия жамғармаси Матбуот хизмати