Сўнгги йилларда мамлакатимизда ташқи меҳнат миграцияси соҳаси жадал ривожланиб, иқтисодиётимиз ва аҳолининг бандлигини таъминлашда муҳим омилга айланди. Хорижда ишлаш истагини билдираётган фуқароларимизни ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш эса давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.
Хўш, бу борада Навоий вилоятида қандай ишлар олиб борилмоқда? Бу ҳақда Миграция агентлигининг Навоий ҳудудий филиали бошлиғи Исмат Болтаев мухбиримизга қуйидагиларни гапириб берди:
– Фуқароларимизнинг меҳнат фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор ижтимоий ва молиявий имтиёзлар амалга оширилмоқда. Хусусан, меҳнат мигрантлари бепул суғурталанмоқда, касб-ҳунар ва чет тилига ўқитиш курсларидан бепул фойдаланмоқда, йўл чиптаси, виза ва сертификат харажатлари учун компенсация олиш имкониятига эга. Шунингдек, 10 миллион сўмгача микрокредитлар ажратиш тизими ҳам йўлга қўйилган.
Хориждаги фуқароларимизга давлат томонидан юридик ва тиббий ёрдамлар, моддий кўмаклар, қайтиш харажатларини қоплаш имкониятлари ҳам яратилган. Барча молиявий операциялар шаффофлик асосида электрон тизим орқали амалга оширилмоқда.

Навоий вилоятида ҳам халқаро ҳамкорлик кенгаймоқда. Жумладан, Швейцариянинг “GLOBOGATE concept AG” компанияси билан ҳамкорликда Навоий шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги техникум негизида “Германия тиббиёт академияси” филиали очилиши катта ютуқларимиздан бири бўлади. Бу орқали 50 нафар талабага Германия стандартларига мос ҳамширалик таълими берилади ва улар Германияда иш билан таъминланади. Шунингдек, мазкур компания билан ҳамкорликда “Ҳамширалик иши” ва “Даволаш иши” йўналишларида маълумотга эга, соҳада камида уч йиллик иш тажрибаси бўлган ҳамширалар ҳамда ўрта тиббиёт ходимларини 8-10 ойлик немис тили курсларида бепул ўқитиш ишлари йўлга қўйилди. Келгусида уларни Германияга ишга юбориш жараёнлари ҳам босқичма-босқич амалга оширилади. Худди шу каби Германиянинг “KlettEdu” компанияси билан ҳам келишув асосида ҳамшираларни 10 ойлик немис тили курсларига ўқитиш ва кейин Германияга юбориш бўйича лойиҳани бошлаш арафасида турибмиз.
Шу билан бирга ИСО 9606 халқаро стандарти бўйича пайвандчиларни сертификатлаш тизими ҳам йўлга қўйилмоқда. Мазкур масала бўйича дастлабки келишувларга эришилган бўлиб, яқин кунларда Латвиянинг “SIA SERTIFACATION CENTRE” компанияси билан меморандум имзолаш чоралари кўрилмоқда.
Шунингдек, Словакия ва Латвия компаниялари билан юк машиналари ҳайдовчиларини ишга юбориш бўйича танловлар ташкил қилинган. @навоиймиграциябот телеграм боти ишга туширилди. Буларнинг барчаси вилоятимиздан хорижга бориб ишламоқчи бўлган фуқароларимизга қулайлик яратади.
Айни пайтда аҳоли ўртасида меҳнат миграцияси жараёнлари ҳақида хабардорликни ошириш, ёшларни чет тилларига қизиқтириш, касбий малака ва саводхонликни юксалтиришга қаратилган ижтимоий лойиҳалар йўлга қўйилган.
Келгусида биз меҳнат миграцияси соҳасида халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, Европа давлатларига чиқиш имкониятларини кўпайтириш, “Пайвандчилар мактаби”ни ташкил этиш, халқаро грантлар ва ННТлар билан ҳамкорликни кучайтиришни режалаштирганмиз.
Асосий мақсадимиз ҳар бир фуқаромизнинг қонуний, хавфсиз ва муносиб меҳнат шароитида ишлаши, уларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишдир.
Суҳбатни ЎзА мухбири А.Бўриев ёзиб олди.