Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хорижда ҳужжатсиз қолиб кетган фуқаролар учун 38 минг 697 та қайтиш гувоҳномаси расмийлаштирилган
11:28 / 2023-04-03

Бугунги кунда хорижий мамлакатларда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича 38 та хорижий давлатда Ўзбекистон Республикасининг 37 та дипломатик ваколатхонаси ва 17 та консуллик муассасалари фаолият юритиб келмоқда.

Ўтган 2022 йил давомида хориждаги юртдошларимизга консуллик ёрдамини кўрсатиш соҳасида 212 минг 79 та ҳаракатлар амалга оширилган бўлса, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган 78 минг 815 та консуллик-ҳуқуқий хизмати кўрсатилган. 

 Хусусан, 23 минг 340 та хорижга чиқиш биометрик паспортлари ва хорижда ҳужжатсиз қолиб кетган фуқаролар учун 38 минг 697 та Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномалари расмийлаштирилган. Шунингдек, 1 минг 103 та фуқаролик ҳуқуқига оид суд ва тергов топшириқларининг ижроси таъминланган. 47 мингдан зиёд расмий ҳужжатлар легаллаштирилиб, апостил қилинган бўлса, 1 минг 246 нафар ватандошимизнинг Ўзбекистон фуқаролигига мансублиги аниқланган ва 757 та судланмаганлик тўғрисида ҳужжатлар талаб қилиб олинган.  

1 минг 860 та эски турдаги ҳайдовчилик гувоҳномалари янгисига алмаштирилган. 4 минг 666 та фуқароликдан чиқиш ва фуқароликни йўқотиш юзасидан ҳужжатлар кўриб чиқилган ҳолда, 673 нафар ёшларга 98 минг 531 АҚШ доллари миқдорида моддий ёрдам кўрсатилган.  

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси ҳамда Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида айтиб ўтилди. 

Йиғилишда «Хорижий мамлакатларда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида»ги масала юзасидан Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг ахборотлари тингланди.  

Таъкидланганидек, бугунги кунда хорижда турли оғир ҳаётий вазиятларга тушиб қолаётган фуқароларимиз билан боғлиқ масалалар кунлик мониторинг қилинмоқда. Аниқланган барча ҳолатлар юзасидан дипломатик ваколатхоналар томонидан тезкор ёрдам кўрсатилмоқда.  

Йиғилишда кун тартибидаги масала юзасидан фикрлар, таклифлар билдирилиб, тегишли қарор қабул қилинди.  

М.Комилова, ЎзА