Маълумки, жорий йилнинг 27 октябрь куни Парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади. Сайловда иштирок этиш 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг конституциявий ҳуқуқи ҳисобланади. Шу сабабли ҳам бу ҳуқуқ фуқароларимиз қаерда бўлишидан қатъи назар таъминланиши керак.
Сайлов кодексининг 10-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари, консуллик муассасалари ҳузурида сайлов участкалари сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ташкил қилиниши мумкин. Мазкур сайлов участкалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан ташкил қилинади.
Чет давлатлардаги сайлов участкаларида фуқаролар Қонунчилик палатаси депутатлигига сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар рўйхати асосида Қонунчилик палатаси депутатларининг ягона сайлов округи бўйича овоз берадилар.
Юқоридагиларни инобатга олиб, 26 август куни Марказий сайлов комиссиясининг “Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг ягона сайлов округи бўйича сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврига Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида 56 та сайлов участкаси ташкил этилди.
Хориждаги сайлов участкалари 39 та давлат ҳудудида ташкил этилди. Хусусан, Австрия, Афғонистон, Беларусь, Бельгия, Буюк Британия, Эрон, Франция, Ҳиндистон, Индонезия, Испания, Исроил, Италия, Латвия, Малайзия, Миср, Озарбайжон, Покистон, Польша, Қувайт, Сингапур, Тожикистон, Таиланд, Туркманистон, Украина, Уммон, Венгрия, Швейцария, Швеция ва Японияда биттадан, АҚШ, БАА, Германия, Жанубий Корея, Қирғизистон, Саудия Арабистони, Туркия – иккитадан, Қозоғистон ва Хитойда – учтадан ҳамда Россия Федерациясида – еттитадан сайлов участкаси ташкил этилди.
Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузуридаги сайлов участкалари Тошкент шаҳри ҳудудига бириктирилди. Бу сайлов жараёнларини тартибли ва самарали ташкил этишга хизмат қилади.
Қарор билан Ташқи ишлар вазирлигига бир нечта вазифа юклатилди. Жумладан, хориждаги участка сайлов комиссияларининг фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминлаш, чет давлатларда турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хориждаги сайлов участкалари тўғрисида, сайловчиларни хориждаги сайлов участкаси сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби ва муддатлари тўғрисида, муддатидан олдин овоз бериш кунлари ва сайлов куни тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали ёки бошқа йўллар билан (маҳаллий шароитни инобатга олган ҳолда) хабардор қилиш вазифалари белгиланди.
Хориждаги сайлов участкалари фаолияти очиқлигини таъминлаш мақсадида “Дунё” ахборот агентлиги орқали ушбу сайлов участкаларидаги жараёнлар ҳақида мунтазам равишда оммавий ахборот воситаларида ёритиб борилиши таъминланади.
Шундай қилиб, амалдаги сайлов қонунчилигимиз фуқароларимизнинг сайлов ҳуқуқларининг конституциявий кафолатларини таъминлайди.
А.Юлдашов, Тошкент давлат юридик университети
Интеллектуал мулк ҳуқуқи кафедраси
Мудири ўринбосари, ю.ф.ф.д. (PhD), доцент