18 декабрь — Халқаро мигрантлар куни
Ҳар бир инсон қайси ҳудуд ва давлатда фаолият юритмасин, аввало ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланганлиги муҳим омил саналади.
Бугун 18 декабрь — Халқаро мигрантлар куни. Ушбу сана Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеяси томонидан 2000 йил 4 декабрь куни эълон қилинган. 1990 йилда мазкур нуфузли ташкилот меҳнат қилаётган мигрантлар ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Халқаро конвенция қабул қилган. Ўзбекистон Халқаро Миграция ташкилоти (ХМТ)га 2018 йил 27 ноябрда аъзо бўлган эди. 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Халқаро миграция ташкилоти ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди. Шундан буён Ўзбекистон билан ХМТ ўртасида алоқалар изчил ривожланиб бормоқда.
Бунга 2021 йил апрель ойида мамлакатимизда мазкур ташкилотнинг тўлақонли ваколатхонаси очилганини ҳам мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ўтган ойлардаги ҳисоботига кўра, бугунги кунда хорижда фаолият юритаётган Ўзбекистон фуқароларини ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб қувватлаш бўйича самарали ишлар амалга оширилган. Хусусан, иқтисодий ривожланган мамлакатлар билан ўтказилган музокаралар натижасида 100 мингга яқин иш ўринлари аниқланиб, улардан 22 мингдан ортиқ талабномалар олинган. Хусусан, Жанубий Корея, Буюк Британия, Россия, Қозоғистон, Германия, Латвия, Польша ва бошқа давлатларнинг манзилли ишларига жойлашишига кўмаклашилган. Агентликнинг мигрантлар фаолияти ва меҳнат ҳуқуқлари ҳимоя қилиш ва моддий ёрдам кўрсатиш йўналишида 220 мингдан ортиқ фуқарога турли хизматлар, 195 мингдан ортиғига маслаҳатлар, 24 мингдан ортиғига ҳуқуқий-ижтимоий хизматлар кўрсатилган. 2500 дан ортиқ фуқароларимизга оғир вазиятларда кўмаклашилган.
– Бу йил миграция масалаларида фуқароларнинг мурожаатлари 48 фоизга камайган. Шунингдек, бандлик органлари билан ҳамкорликда хорижда ишлаш истагида бўлган фуқаро касб-ҳунар ва чет тиллари бўйича ўқишга йўналтирилган. Улардан ўқиш жараёнларини якунлаганлари хорижий иш берувчилар танловларига жалб этилмоқда, – дея маълумот берди Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот котиби Ортиқхўжа Норов.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА