21 январь санасида дунё ОАВларида эълон қилинган энг муҳим хабарларнинг айримлари билан «Хориж хабарлари» дастурида танишинг. Дастурдан ўрин олган хабарлар ҳақида қисқача: Барселона яқинида поезд ҳалокати, Россия ҳужуми сабаб Киев энергиясиз қолди, Ҳиндистон ва БАА 200 миллиард долларлик савдо келишуви имзолади, ва бошқа муҳим воқеалар.
<iframe width="640" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/4y7NasOv5ig?si=px1aYAw0LyvY8yYO" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Барселона поезд ҳалокати
Испаниянинг Барселона шаҳри яқинида кучли ёмғир сабаб йўловчи поезди рельсдан чиқиб кетди. Поезд машинисти ҳалок бўлган, камида 20 йўловчи жароҳат олган. Темирйўл қатнови вақтинча тўхтатилди, фавқулодда хизматлар ҳодиса жойида ишламоқда.
Киев энергия инфратузилмаси ҳужум остида
Россия томонидан амалга оширилган ҳаво ҳужуми Киевдаги муҳим энергия инфратузилмасини нишонга олди. Миллионлаб хонадонлар электр ва иситиш тизимисиз қолди. Фавқулодда хизматлар вайроналарни бартараф этиш билан шуғулланмоқда, аҳоли вақтинча иситиш пунктларига йўналтирилмоқда.
Германия Жаҳон чемпионатини бойкот қилиш масаласи
Германияда 2026 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этиш масаласи сиёсий ва жамоатчилик доираларида баҳсга сабаб бўлди. АҚШнинг Гренландия билан боғлиқ баёнотлари ва глобал хавфсизлик масалалари спорт мусобақаларига таъсир кўрсатиши мумкинлиги айтилмоқда. Берлин расмийлари бойкот бўйича қарор қабул қилмаган.
Уганда президенти яна ғалаба қозонди
Угандада 2026 йилги президентлик сайловларида Ёвери Мусевени 71,65 фоиз овоз билан ғалаба қозонди. У мамлакатни навбатдаги муддат давомида бошқаради. Мухолифат вакиллари сайлов натижаларини тан олмаётганини билдирган ва мустақил текширув талаб қилмоқда.
Ҳиндистон ва БАА 200 миллиард долларлик келишувга эришди
Ҳиндистон ва Бирлашган Араб Амирликлари икки томонлама савдо ҳажмини 2032 йилга қадар 200 миллиард долларгача етказишни мақсад қилган келишувга эришди. Келишув савдо, логистика, саноат, инвестиция ва энергетика соҳаларини қамраб олади. Ҳиндистонга 10 йил муддатга ЛНГ етказиб бериш бўйича шартнома имзоланди.
Дунё молия бозорлари фаоллашди
21 январь куни Доналд Трампнинг Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумидаги нутқи арафасида молия бозорлари фаоллашди. Инвесторлар хавфсиз активларга талабни оширди, натижада олтин нархи рекорд даражага кўтарилди. Канада ва Буюк Британия бозорларида ҳам ўзгаришлар кузатилди.
Нозимбек Мардонов, Ёқуб Мелибоев ЎзА