French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хориж хабарлари: Жанубий Корея собиқ президенти умрбод қамоққа ҳукм қилинди (+видео)
21:31 / 2026-02-19

Бугунги «Хориж хабарлари» дастурида Жанубий Корея собиқ президенти Юн Сок Ёлнинг умрбод қамоққа ҳукм қилиниши, Исроилнинг Эрон билан кескинлик фонида урушга тайёргарлик кўраётгани, Венгрия ва Словакиянинг Украинага дизель экспортини тўхтатгани, Россияда намоз ўқиган ўзбекистонлик мигрантнинг депортация қилиниши, Хитойда хорижда фарзандлари яшайдиган амалдорлар лавозими пасайтирилаётгани, НАТОнинг Болтиқ бўйида йирик десант машқлари ҳамда Грузияда радиоактив моддалар савдосига уринган икки шахснинг қўлга олиниши ҳақида батафсил маълумот берилади. Дунёдаги энг муҳим сиёсий ва ҳарбий воқеаларни биз билан кузатинг.Жанубий Корея собиқ президенти умрбод қамоққа ҳукм қилинди

<iframe width="640" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/nnLGa3N4wCU?si=hsTknR7A73DAVfqi" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Жанубий Корея собиқ президенти умрбод қамоққа ҳукм қилинди

Жанубий Корея собиқ президенти Юн Сок Ёл исён уюштиришда айбдор деб топилиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Ёнҳап хабарига кўра, суд унинг 2024 йил декабрида ҳарбий ҳолат жорий этиш ҳақидаги қарорини конституциявий тузумга таҳдид сифатида баҳолаган. У аввал импичмент орқали лавозимидан четлатилган ва ҳибсга олинган эди. Шунингдек, Юн Сок Ёлнинг рафиқаси Ким Гон Хи ҳам пора сифатида қимматбаҳо совғалар олганликда айбдор деб топилиб, 1 йил 8 ойга озодликдан маҳрум этилган. Улар мамлакат тарихида бир вақтнинг ўзида қамоққа олинган илк жуфтлик бўлди.

Исроил урушга тайёргарликни бошлади

Исроил армияси юқори жанговар шай ҳолатга келтирилди, фуқаролик мудофааси ва қутқарув хизматлари уруш эҳтимолига тайёр туришга чақирилди. АҚШнинг Эронга зарба бериш эҳтимоли билан боғлиқ бўлиб, Исроил кучлари ҳам операцияда иштирок этиши мумкин. Бош вазир Биньямин Нетаньяху раҳбарлигида масъул раҳбарлар маслаҳатлашув ўтказган, Эроннинг жавоб зарбаси хавфи ҳам муҳокама қилинган. АҚШ Давлат котиби Марко Рубио 28 февралда Исроилга ташриф буюриб, Нетаньяху билан Эронга боғлиқ масалаларни муҳокама қилиши режалаштирилган. АҚШ армияси 21 февралдан зарба беришга тайёр, бироқ президент Дональд Трамп якуний буйруғини кутмоқда. 

Венгрия ва Словакия Украинага дизель экспортини тўхтатди

Венгрия ва Словакия 18 февралдан бошлаб Украинага дизель ёнилғиси етказиб беришни тўхтатди. Расмий баёнотларга кўра, бундай қарор «Дўстлик» нефть қувуридаги транзит муаммолари ва Россия нефтининг Украинадан ўтиши билан боғлиқ. Венгрия ташқи ишлар вазири Украинани сиёсий қарор билан қувурни таъмирлашни амалга оширмаётганликда айблади, Словакия эса ички бозорни ҳимоя қилиш мақсадида экспортни тўхтатганини билдирди. Хорватия Венгрия ва Словакия сўровини рад қилган, Европа Комиссияси эса ҳар икки давлатда етарли захиралар мавжудлигини таъкидлади. Шу билан бирга, Украинада Россия зарбалари туфайли қишки энергетик инқироз давом этмоқда, транзит тўхташи эса дизель таъминотига бевосита таъсир кўрсатади.

Россияда ётоқхонада намоз ўқиган ўзбекистонлик мигрант депортация қилинади

Россияда ётоқхонада намоз ўқиган Ўзбекистон фуқароси жаримага тортилиб, мамлакатдан чиқариб юборилади. Бу ҳақида Коммерсант нашри хабар берди. Нижневартовск туман суди қарорига кўра, эркакнинг ибодатлари ва диний фаолияти оммавий характерга эга бўлган, хонага эркин кириш имконияти сабабли бошқа яшовчиларга таъсир қилган. Суд унга 30 минг рубль жарима солиб, Россиядан мажбурий депортация қилишни буюрди. Суд қарорида депортация эркакнинг Россияда ижтимоий алоқалари, кўчмас мулки ва қариндошлари йўқлиги билан асосланган. 

Хитойда хорижда фарзандлари яшайдиган амалдорлар лавозими пасайтирилмоқда

Хитой ҳукумати коррупцияга қарши кураш доирасида оиласи хорижда яшайдиган амалдорлар устидан назоратни кучайтирди ва уларни пастроқ лавозимларга ўтказмоқда. Маҳаллий матбуот маълумотига кўра, бу чоралар давлат идоралари ва йирик компаниялардаги юқори лавозимли раҳбарларни қамраб олади. Эндиликда бундай амалдорлар ўзлари ҳақида мунтазам равишда долзарб маълумот беришга мажбур ва лавозим туширилиши эҳтимолий коррупция хавфини камайтиришга қаратилган профилактик чора сифатида тушунтирилади. Мазкур қарор Хитой раҳбари Си Цзиньпин бошчилигида олиб борилаётган кенг қамровли антикоррупция кампаниясининг бир қисми бўлиб, давлат идоралари, бизнес ва қуролли кучлар доирасида порага қарши муросасиз кураш давом этмоқда. 

НАТО Болтиқбўйи соҳилида десант машқларини ўтказмоқда

Германиянинг Кил шаҳри яқинида НАТОнинг тахминан 3000 нафар ҳарбий хизматчиси Болтиқбўйи соҳилига десант тушириш бўйича машқлар ўтказди. Амфибия операциясида Испания ва Туркиядан 250 нафар ҳарбий иштирок этиб, авиация ва флот кўмагида соҳилга туширилди. Германия мудофаа вазири Борис Писториус машқларни Россия таҳдидини тийиб туриш ва альянснинг бирдамлиги ҳамда жанговар тайёргарлигини намоён этиш мақсадида ўтказилганини билдирди. 

Грузияда икки хорижий фуқаро уран ва цезий сотиб олишга урингани учун қўлга олинди

Грузияда икки хорижий фуқаро уран ва цезий-137 моддаларини $3 млн доллар эвазига сотиб олишга урингани учун қўлга олинди. Мамлакатнинг Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига, улар моддаларни террорчилик мақсадларда ҳам фойдаланилиши мумкин бўлган давлатга олиб чиқишни режалаштирган. Қўлга олинган шахслар бир неча ҳафта давомида Грузияга такрорий ташриф буюрган ва сотиб олиш ҳамда ташишга тайёргарлик кўрган. Жиноят иши Грузия Жиноят кодекси 230-моддасида назарда тутилган «ядровий материаллар ёки радиоактив моддаларнинг ноқонуний айланиши»бўйича қўзғатилган бўлиб, унга кўра 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Нозимбек Мардонов, 

Ойбек Давронов (видео), ЎзА