Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хориж хабарлари: Жанубий Корея мигрант ишчилар учун корейс тили талабини кучайтирди (+видео)
21:31 / 2026-02-09

Жанубий Корея меҳнат мигрантлари учун корейс тили талабларини кучайтирди, Гонконгда медиа магнат Жимми Лай 20 йилга қамалди, Илон Маск Ой ва Марсда шаҳарлар қуриш режаларини эълон қилди, Ҳиндистонда ярмаркада аттракцион қулаши оқибатида полиция ходими ҳалок бўлди, Германияда автомобиль саноати инқирозга учраяпти ва Туркияда янги сейсмик фаоллик кузатилаётгани боис ҳукумат аҳолини эҳтиёткорликка чақирди, шунингдек Эрон ядровий дастур бўйича янги музокаралар босқичига тайёрлигини маълум қилди — дунёдаги энг сўнгги ва муҳим янгиликларни биз билан бирга тезкор ва ишончли манбалар асосида кузатиб боринг.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Noq4qIcwTKU" title="Janubiy Koreya migrant ishchilar uchun koreys tili talabini kuchaytirdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Жанубий Корея меҳнат мигрантлари учун корейс тили талабларини кучайтирди. EPS тизими доирасида мамлакатга келаётган ишчилар учун суҳбат баллари оширилиб, хавфсизлик ва иш жараёнларини тушуниш бўйича синовлар янада қатъийлаштирилди. Бу чора саноатдаги бахтсиз ҳодисаларнинг юқори улуши билан изоҳланмоқда. Янги меъёрлар 2026 йилдан 17 та ҳамкор давлатда амал қилади.

Гонконгда медиа магнат Жимми Лай миллий хавфсизликка қарши жиноятларда айбдор деб топилиб, 20 йилга озодликдан маҳрум этилди. Apple Daily газетаси асосчиси хорижий кучлар билан ҳамкорликда айбланган бўлиб, суд унинг ҳаракатларини энг оғир тоифага киритишини таъкидлади. Унинг соғлиғи ёмонлашаётгани ҳақида оила аъзолари хавотир билдирмоқда.

SpaceX асосчиси Илон Маск Ойда аҳоли пункти барпо этиш ва яқин йилларда Марсда шаҳар қурилишини бошлаш режаларини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, Марсга парвозлар ҳар 26 ойда амалга оширилади, тўлиқ шаҳар барпо этиш эса ўнлаб йилларни талаб қилади. Шу билан бирга, NASA ҳам 2026 йилда инсонларни Ойга қайта юборишни режалаштирмоқда.

Ҳиндистоннинг Фаридабод шаҳрида ярмарка вақтида одамлар бўлган аттракцион қулаб тушиб, 13 киши жароҳат олди. Ёрдамга ошиққан бир полиция ходими эса кейинчалик вафот этган. Ҳодиса бўйича жиноят иши қўзғатилиб, махсус комиссия текширув олиб бормоқда.

Германияда автомобиль саноати чуқур инқирозга юз тутди. Йирик ишлаб чиқарувчилар заводларни ёпиш ва минглаб иш ўринларини қисқартириш режаларини эълон қилди. “MAN” компанияси 2 минг 300 иш ўрнини қисқартирмоқчи бўлса, “Volkswagen” 35 мингдан ортиқ ходим билан боғлиқ ўзгаришларни режалаштирмоқда. Бу ҳолат Берлин ва Мюнхенда оммавий намойишларга сабаб бўлмоқда.

Туркиянинг жанубий ҳудудларида янги сейсмик фаоллик қайд этилди. Давлат фавқулодда вазиятлар хизмати ер қаъри ҳаракатларини кучайтирилган тарзда кузатиб бормоқда ва аҳолини эҳтиёткорликка чақирмоқда. Расмийлар мамлакат фаол тектоник ҳудудда жойлашгани сабабли зилзила хавфи доимий эканини таъкидламоқда.

Эрон эса ядровий дастур бўйича янги музокаралар босқичига тайёр эканини билдирди. Теҳрон дипломатик йўл билан келишувларга қайтиш, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни тиклаш ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган мулоқотларни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Нозимбек Мардонов, Ойбек Давронов ЎзА