Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хориж хабарлари: Ҳозироқ Эронни тарк этинг — АҚШ фуқароларини огоҳлантирди (+видео)
01:00 / 2026-02-07

Дунёдаги энг муҳим ва долзарб воқеалар билан «Хориж хабарлари» дастури эфирда — бу сонда Индонезияда дунёдаги энг узун илоннинг аниқланиши, Москвада россиялик генералга уюштирилган суиқасд, Қозоғистонда ижтимоий уй-жой билан боғлиқ фирибгарлик фош этилиши, Хитойнинг сунъий йўлдошларни ишдан чиқара оладиган янги қуроли, АҚШнинг фуқароларини Эронни тарк этишга чақируви, Германияда армияга ёшларни жалб қилиш чоралари ҳамда Google тарихидаги энг юқори даромад кўрсаткичи ҳақида сўз юритамиз — дунёда содир бўлаётган янгиликларни биз билан бирга тезкор ва ишончли манбалар асосида кузатиб боринг.

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/_ZTa0tQvsHs?si=IuTG25LxrgAA6tZd" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Индонезияда дунёдаги энг узун илон аниқланди

Индонезиянинг Сулавеси оролида 2025 йил охирида тутиб олинган урғочи гигант питон дунёдаги энг узун илон деб топилди ва 2026 йил февралда Гиннес рекордлар китобига киритилди. Расмий ўлчовларда илоннинг узунлиги 7,22 метрни ташкил қилган, вазни эса 96,5 килограмм бўлган. Мутахассислар ҳайвон соғлиғига зарар етмаслиги учун танасини тўлиқ бўшашганда мумкин бўлган 7,9 метргача чўзишни амалга оширмаган. Ҳозирда питон маҳаллий табиатни муҳофаза қилувчи мутахассис Буди Пурванто назорати остида сақланмоқда. Ноодатий судралиб юрувчи «Ибу Барон» номи билан аталган ва жамоатчилик эътиборини ушбу ноёб намунага қаратиш мақсад қилинган.

Москвада россиялик генералга суиқасд қилинди

Москвада Россия Мудофаа вазирлиги генерал-лейтенанти Владимир Алексеевга 6 февраль куни эрталаб Волоколамск шоссесидаги турар жой биносида номаълум шахс томонидан бир неча маротаба ўқ узилди. Генерал шифохонага олиб кетилган ва унинг аҳволи оғир экани айтилмоқда. Ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг бир неча моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган, тергов Москва прокуратураси назоратига олинган. Алексеев АҚШ ва Европа Иттифоқи санкцияларига тушган, Украина разведкаси эса уни босиб олинган ҳудудларда сохта референдумлар ўтказиш ҳамда ракета ва ҳаво ҳужумлари учун маълумот тайёрлашда жавобгар деб ҳисоблайди. Бу Россия ҳарбий раҳбарларига суиқасд қилинган биринчи ҳолат эмас.

Афғонистонлик шахс ўзини қозоқдай кўрсатиб, ижтимоий уй сотиб олди

Павлодар вилоятида Афғонистон фуқароси ўзини қозоқ сифатида кўрсатиб, қандаслар учун мўлжалланган ижтимоий тўловлар ҳисобига квартира сотиб олгани аниқланган. Тергов натижасида у олдиндан сохта ҳужжатлар тақдим қилиб, 20 миллион тенге, тахминан 40,5 минг доллар қийматидаги уйни ноқонуний олгани маълум бўлди. Прокуратура жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга йўл қўймаслик мақсадида судга илтимоснома киритган ва суд мулкни давлат фойдасига мусодара қилиш тўғрисида қарор чиқарган. Суд қарори ҳозирча қонуний кучга кирмаган, тергов эса давом этмоқда.

Хитой сунъий йўлдошларни ишдан чиқарадиган микротўлқинли қурол яратди

Хитойлик олимлар паст Ер орбитасидаги сунъий йўлдошларни ишдан чиқаришга қодир TPG1000Cs микротўлқинли қуролни ишлаб чиқди. Қурилма бир дақиқа давомида 20 гигаваттгача импульс ҳосил қилиши мумкин ва америкалик миллиардер Илон Маскга тегишли Starlink тизимига зарар етказиши ёки уни ишдан чиқариши мумкин. Қурол узунлиги 4 метр, оғирлиги 5 тоннани ташкил этади ва уни юк машинаси, ҳарбий кема ёки самолётга ўрнатиш мумкин. Экспертлар янги Хитой қуролининг космосни ҳарбийлаштириш имкониятларини муҳокама қилмоқда. АҚШ Космик кучлари разведкасига кўра, Хитойнинг ҳарбий-космик салоҳияти кескин ошган. Бу қурилма, айниқса, минтақавий можароларни назорат қилиш воситаси сифатида ишлатилиши мумкинлиги таъкидланмоқда.

Германия ўсмирларни армияга жалб қилмоқда

Германия ҳукумати аскарлар етишмовчилиги сабабли ёшларни ҳарбий хизматга жалб қилишнинг янги усулларини изламоқда. Ҳозирги баҳолашга кўра, ГФР армиясига НАТО олдидаги мажбуриятларини бажариш учун тахминан 80 минг аскар етишмайди. Шу сабабли 15 ёшдан бошлаб ўсмирлар махсус танишув дастурларида қатнашиб, ҳарбий қисмларда бир неча кун яшаш ва ўзларини аскар сифатида синаб кўриш имкониятига эга бўлмоқда. Ҳукумат вакиллари бундай дастур ёшларнинг армияга қизиқишини оширади, деган умидда. Бироқ ўсмирлар ва ёшларнинг хизматга муносабати ҳануз қатъий эмас — кўпчилик ижтимоий иш ёки фуқаролик карьерасини танлашни афзал кўрмоқда. Агар кадрлар етишмовчилиги давом этса, Германия келажакда хизматга юборилувчиларни аниқлаш учун қуръа ташлаш каби қатъий чораларни ҳам кўриб чиқиши мумкин.

Google тарихидаги энг юқори даромадга эришди

Google’га эгалик қилувчи Alphabet компанияси тарихда биринчи марта йиллик даромади 400 миллиард доллардан ошганини қайд этди. 2025 йилнинг тўртинчи чораги молиявий ҳисоботига кўра, Cloud бўлинмаси йиллик даромади 70 миллиард доллар, YouTube даромади эса реклама ва обуналар ҳисобига 60 миллиард долларини ташкил қилган. Шунингдек, Google One ва YouTube Premium пулли фойдаланувчилари сони 325 миллиондан ошган. Gemini сунъий интеллект платформаси ишга туширилгандан сўнг унинг аудиторияси 750 миллион фойдаланувчидан ошди, Google қидирув хизматидан фойдаланиш бўйича рекорд ўрнатилди ва компания AI Mode воситаларида автоматлаштирилган тўлов функциясини жорий этишни режалаштирмоқда.

Нозимбек Мардонов, Дониёр Якубов (видео) — ЎзА